Самарқанд ва Тошкент вилояти банкларидан имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди

Самарқанд ва Тошкент вилояти банкларидан имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди

Самарқанд вилоятида 100 минг доллар, Жиззах вилоятида 100 млн сўм имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилиб, фуқаролардан пул олган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Миробод тумани бўлими ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Унда фуқаро Ж.К. фуқаро А.С.нинг ишончига кириб, унга гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида 3 минг АҚШ доллари эвазига Самарқанд вилоятидаги тижорат банки филиалидан 100 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб беришини айтиб, шундан 1 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Э.Ш. фуқаро Ф.Б.га гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Тошкент вилоятидаги тижорат банки филиалидан 100 млн сўм имтиёзли кредит олиб бериши эвазига 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда банкдан 3 млрд сўм имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган шахслар ушлангани ҳақида хабар берилган эди.

 

Теглар:
×