Реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан “Hamkorbank”АТБга нисбатан молиявий жарима қўлланилди

Реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан “Hamkorbank”АТБга нисбатан молиявий жарима қўлланилди

Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида, “Hamkorbank” АТБнинг онлайн микроқарз банк хизмати реклама ахборотида истеъмолчиларни чалғитувчи маълумот берилганлиги аниқланган.

Хусусан, мазкур банк хизмати рекламасида “Онлайн микроқарз” – “Зудлик билан пул керакми, 50 миллион сўм - Hamkor иловасида онлайн микроқарз расмийлаштиринг!” мазмунидаги ташқи реклама жойлаштирилганлиги кузатилган.

Рақобат қўмитаси ушбу ахборотга банкнинг интернетдаги расмий саҳифасида жойлаштирилган маълумотлар асосида аниқлик киритганда микроқарз банк хизмати бўйича фақатгина кредитнинг миқдори ҳақида ахборот берилган бўлиб, реклама ахборотида ушбу кредитнинг қолган муҳим шартлари кўрсатилмаган.

 “Рекламани бундай кўринишда бўлиши рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитишга олиб келувчи ҳолатни ифодалаши мумкин”, дейилади Рақобат қўмитаси расмий хабарида.

Юқоридагиларга асосан, Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиш аломатлари юзасидан “Hamkorbank” АТБга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль-август ойларида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси реклама тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилинмаган ҳолатлар юзасидан Ипотека банк, AVO Bank, Ориент Финанс банк, Ipak Yo'li Banki ҳамда Universalbank'ларга молиявий жарималар қўллаган эди

"Hamkorbank" иши — Қўмита томонидан реклама қонунчилиги бузилган, деб топилган йил мобайнидаги олтинчи ҳолат ҳисобланади.

×