Иллюстратив фото: Bankers.uz
Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йил июль ойида тижорат банкларининг кредит портфелидаги муаммоли кредитлар (NPL) миқдори ой бошига нисбатан 820 млрд сўмга кўпайиб, 20,82 трлн сўмга етди. Банкларнинг жами кредит портфели ҳажми эса 6,9 трлн сўмга ортиб, 500,6 трлн сўмга тенг бўлган. Июль ойида NPL'нинг жами кредитлардаги улуши июнь ойидаги 4 фоиздан 4,2 фоизгача ўсган. Ушбу кўрсаткич йил бошида 3,5 фоизни ташкил қилганди. Июль ойида энг кўп NPL миқдорининг ортиши Ипотека банк (+652 млрд сўм) ва Ўзмиллийбанк (+545 млрд сўм)да кузатилган.
Манба: cbu.uz
Давлат банклари
Июль ойида давлат банкларининг кредит портфели жами 2,79 трлн сўмга (3,7 фоизга), муаммоли кредитлари миқдори эса 147 млрд сўмга кўпайган. Кредит портфели миқдори фақат Ўзсаноатқурилишбанк (-13,9 млрд сўм), Агробанк (-116,5 млрд сўм) ва Асакабанкда (-562,1 млрд сўм) камайган. Муаммоли кредитлар ҳажми фақатгина учта банкда — Ўзмиллийбанк (+545 млрд сўм), Микрокредитбанк (+51 млрд сўм) ва Туронбанк (+3 млрд сўм) ортган. Ой давомида Ўзсаноатқурилишбанк (-170,3 млрд сўм) ва Бизнесни ривожлантириш банклари (-150,1 млрд сўм) муаммоли кредитлар ҳажмини нисбатан сезиларли даражада камайтирган. Қолган давлат банкларида ҳам NPL улуши камайган.
Бошқа банклар
Июлда NPL ўсишида хусусий ва бошқа банклар ҳиссаси кўпроқ бўлган. Ушбу банкларнинг кредит портфели 3,9 трлн сўмга, портфелдаги NPL миқдори эса 673 млрд сўмга ошган. Энг кўп NPL миқдорининг ортиши Ипотека банкда (+652 млрд сўм) кузатилган. Кредит портфелида муаммоли кредитлар улушини камайтирган банк — Капиталбанк (-131,5 млрд сўм) бўлди. Бундан ташқари, Азия Альянс банк (+39 млрд сўм), Трастбанк (+38 млрд сўм), Инфинбанкда (+28 млрд сўм) ҳам NPL миқдори ортган. TBC Bank ва Анорбанкда NPL миқдори бир хил 15 млрд сўмдан кўпайган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон тижорат банклари 2024 йил 1-ярим йилликни роппа-роса 20 трлн сўм муаммоли кредитлар билан якунлаганди.
Тасодифий хабарлар
Тенгебанк ёш мутахассисларни ишга таклиф қилмоқда
Агробанк "Agroworld Uzbekistan 2022" кўргазмасида иштирок этди
Энди иш берувчи эмланмаган ходимни ишга қўймасликка ҳақли