Click, Payme ва Paynet компанияларининг I ярим йиллик бўйича молиявий натижалари эълон қилинди

Click, Payme ва Paynet компанияларининг I ярим йиллик бўйича молиявий натижалари эълон қилинди

Иллюстратив инфографика: Bankers.uz

Ўзбекистондаги йирик тўлов ташкилотлари — "CLICK" АЖ, “PAYME” АЖ ва “PAYNET” АЖларининг ҳар бири 2024 йилнинг биринчи ярмида 110 млрд сўмдан кўпроқ соф фойда олган. Маълумот учун, Ўзбекистондаги банкларнинг 22 тасининг молиявий натижаси ушбу кўрсаткичдан паст.

click

"CLICK" АЖ 2024 йилнинг олти ойида 116,9 млрд сўм соф фойда олди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 49,2 фоизга кўпроқдир. Соф тушум 37% га ўсиб, 273 млрд сўмга етди. Компаниянинг тақсимланмаган фойдаси ҳам сезиларли ўсишни кўрсатиб, 34 млрддан 104 млрд сўмга ошди. Компаниянинг жами активлари йил бошига нисбатан 3 млрд сўмга камайди ва 245 млрд сўмга тенг бўлди. I ярим йил якунига кўра, рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 17 млнни ташкил этди (йиллик ўзгариш +26%), иловадан ҳар куни фойдаланадиган фойдаланувчилар сони эса 2 млн кишига етди. Шу билан бирга, компаниянинг умумий айланмаси 36 трлн сўмдан ошди (йиллик ўзгариш +32,2%).

payme

“PAYME” АЖ тўлов ташкилоти биринчи ярим йилни 113 млрд сўм соф фойда билан якунлади, бу 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда 7,7 фоизга кўпдир. Ялпи фойданинг ўсиши 23,9% ни ташкил этди, давр харажатлари эса 35 млрддан 63,9 млрд сўмгача ўсди. Компания активлари 2024 йил бошидан бери 64,5 фоизга ўсиб, 233,3 млрд сўмни ташкил қилди. 2023 йил якунларига кўра, "payme" тўлов тизимининг фойдаланувчилари базаси 12 миллионга яқинлашганди. Бир йилда рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 1 млнга кўпайганди.

paynet

“PAYNET” АЖ соф фойдаси 137,27 млрд сўмгача етди, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 82,7 фоизга кўпдир. Соф тушум 55,2 фоизга ўсиб, 504,1 млрд сўмни ташкил этди. Компания активлари йил бошига нисбатан 83,5 фоизга ўсди ҳамда ярим йиллик якунлари бўйича 599,4 млрд сўмгача етди. "paynet" хизматларидан кунига 2 млндан ортиқ киши фойдаланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Click, Payme ва Paynet компаниялари акциядорлик жамиятига айлангани ҳақида хабар берилганди.

Теглар:
×