Апрель ойида банкларнинг муаммоли кредитлари 1,7 трлн сўмга ортган

Апрель ойида банкларнинг муаммоли кредитлари 1,7 трлн сўмга ортган

1 май ҳолатига кўра, тижорат банкларининг жами муаммоли кредитлари 1,7 трлн сўмга ортиб, 23,3 трлн сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида маълум қилинди. Апрель ойида банкларнинг жами кредит портфели 5,4 трлн сўмга ортган. Муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши эса 4,8 фоизгача етган.

Давлат банклари

Давлат банклари кредит портфели май ойида 3,8 трлн сўмга кўпайган. Кредит портфелидаги муаммоли кредитлар (NPL) миқдори эса 886 млрд сўмга ортган. Муаммоли кредитларнинг ўсиши давлат банклари орасида энг кўп Ўзсаноатқурилишбанк (+674 млрд сўм) ва Ўзмиллийбанк (+333 млрд сўм) ҳисобига тўғри келган. Ўтган ойларида муаммоли кредитлари миқдори кескин ортиб келаётган Бизнесни ривожлантириш банки (-261 млрд сўм) ва Халқ банклари (-10 млрд сўм) NPL'ни бироз камайишига эришган. Давлат банкларининг қолган олтитасида ҳам муаммоли кредитлар кўпайиши кузатилган.

Хусусий ва бошқа банклар

Нодавлат банклари жами кредит портфели ўтган ойда 1,5 трлн сўмга ортган. Кредит портфелдаги NPL миқдори эса 825 млрд сўмга кўпайган. Давлат назоратида бўлмаган банкларда муаммоли кредитлар ортишига асосан Ипотека банк (+482 млрд сўм), Капиталбанк (+216 млрд сўм), Ҳамкорбанк (+54 млрд сўм) ва Гарант банклар (+57 млрд сўм) ҳисса қўшган. Шунингдек, 6 та банкда муаммоли кредитлар миқдори камайган.

Манба: Марказий банк

Эслатиб ўтамиз, март ойида ҳам муаммоли кредитлар миқдори 750 млрд сўмга кўпайган эди. Умуман олганда, йил бошидан бери муаммоли кредитлар миқдори ошиб боришда давом этмоқда.

×