Микрокредитбанк устав капитали 2 трлн сўмга оширилади

Микрокредитбанк устав капитали 2 трлн сўмга оширилади

Фото: Микрокредитбанк

Микрокредитбанк устав капиталини номинал қиймати 1 068 сўм бўлган қарийб 1,9 млрд дона умумий қиймати 2 трлн сўмдан кўпроқ бўлган қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан 5,8 трлн сўмга етказади. Бу ҳақда банк акциядорларининг навбатдан ташқари йиғилишида қарор қилинган. Маълумот учун, 1 апрель ҳолатида банк устав капитали қарийб 3,8 трлн сўмни ташкил қилади.

Мазкур акциялар эгасининг номи ёзилган оддий ҳужжатсиз шаклдаги акциялар ҳисобланади. Чиқарилаётган акциялар ёпиқ обуна усули билан банк акциядорларининг имтиёзли равишда олиш ҳуқуқи қўлланилган ҳолда қуйидаги акциядорларга жойлаштирилади:

  • Иқтисодиёт ва молия вазирлиги - 740 082 820 дона;
  • Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси - 1 153 708 961 дона.

Эслатиб ўтамиз, Микрокредитбанк устав капитали оширилиши Президентнинг 2024 йил 2 апрелдаги тегишли қарорида белгилаб қўйилганди. Қарорга асосан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мақсадли дастурларни молиялаштириш учун республика бюджетидан Халқ банкига 2,027 трлн сўм ва Микрокредитбанкка 790 млрд сўм, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан мос равишда 1,837 трлн сўм ва 1,233 трлн сўм миқдоридаги маблағлар ушбу банкларнинг устав капиталини ошириш учун ажратилиши қайд этилганди.


×