Ўзсаноатқурилишбанк пойтахтдаги 15 та маҳаллада кутубхоналар очди

Ўзсаноатқурилишбанк  пойтахтдаги 15 та маҳаллада кутубхоналар очди

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Ўзбекистон тижорат банклари Тошкент шаҳридаги 100 та маҳаллада кутубхоналар очиши ҳақида хабар берилганди. Ўзсаноатқурилишбанк томонидан пойтахтдаги 15 та маҳаллада замонавий кутубхоналар барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Ўзсаноатқурилишбанк Тошкент шаҳрининг қуйидаги маҳаллаларида замонавий кутубхоналарни очди:

  1. Мирзо Улуғбек туманидаги - “Аҳиллик” ва “Алишеробод”;
  2. Олмазор туманидаги “Ниҳол”,
  3. Учтепа туманидаги “Заргарлик” ва “Диёробод”;
  4. Чилонзор туманидаги “Бўшқўрғон” ва “Қатортол”;
  5. Шайхонтоҳур туманидаги “Боғ кўча”;
  6. Сергели туманидаги “Нилуфар”;
  7. Миробод туманидаги “Тонг юлдузи”;
  8. Яккасарой туманидаги “Белариқ”;
  9. Яшнобод туманидаги “Ўқчи олмазор”.
  10. Юнусобод туманидаги “Акбаробод”, "Ғайратий" ва "Увайсий".

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Кутубхоналар фонди жами 16 минг дона китобдан иборат. Уларнинг ҳар бири эса, мингдан зиёд миллий ва хорижий адабиётлар билан бойитилгани айтилди. 

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

"Маҳалламизда ёшу қарининг қувончи чексиз. Айниқса, кутубхонага ошиқиб кириб келаётган ўғил-қизларимизни кўриб кўнглимиз ёришиб кетаяпти. Улар бу ерда ўқиган асарлари бўйича бир-бирлари билан фикр ҳам алмашмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати, кутубхоналар мактаб ўқувчиларининг айни ёзги таътили олди ташкил этилди. Эндиликда ота-оналар фарзандларини бўш вақтида кутубхонага жалб қиладиган бўлди. Китобсеварлар учун эса, китоб харид қилишга ёҳуд вақт ва йўлкира сарфлаб кутубхонага боришга ҳожат қолмади", – дейди Юнусобод туманидаги “Акбаробод” маҳалла фуқаролари йиғини раиси Абдувоҳид Хўжаев. 

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Кутубхоналарда, шунингдек, китобларни муносиб сақлаш ва бир пайтнинг ўзида 150 нафар китобхонга сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилди. 15 нафар кутубхоначи ишга жалб қилинди. 

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

"Мен учун китоб – бу холис дўст, мураббий, қалбимга халоват ва завқ берувчи тенгсиз билим манбаи. Мутолаа ҳар кунги ҳаёт тарзимдан ўрин олган. Айнан муқовали, қоғозга чоп этилган китобларни ўқишни ёқтирганим боис маҳалламизда кутубхона очилганидан жуда севиндим. Буюк асарларни ўқиш – саодат. Ана шундай бахтдан баҳра олаётган тенгдошларимга хайрли мутолаа тилаш баробарида, уларни янги кутубхонамизга чорлаб қоламан.", – дейди Чилонзор тумани “Бўшқўрғон” маҳалласидаги китобхонлардан бири Одина Махрамова.
×