2023 йилда олдинги йилга нисбатан 2,5 трлн сўм кўпроқ ипотека кредитлари ажратилган

2023 йилда олдинги йилга нисбатан 2,5 трлн сўм кўпроқ ипотека кредитлари ажратилган

Иллюстратив фото / Bankers.uz

Марказий банк 2023 йил давомида тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилган ипотека кредитлари бўйича маълумотларни тақдим қилди. Унга кўра, йил давомида банклар томонидан 68 395 та фуқарога жами 16 трлн 850,9 млрд сўм ипотека кредитлари ажратилган. Ажратилган ипотека кредитлари миқдорий жиҳатдан ўтган йилга нисбатан 2 трлн 479,7 млрд сўмга ёки 17,2 фоизга кўпроқ бўлса-да, кредит олувчилар сони камайган - 2022 йилда 70 913 нафар, 2023 йилда эса 68 395 нафар (- 2518 нафар). 2022 йилда битта ипотека кредитининг ўртача миқдори 202,7 млн сўм бўлган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 246,4 млн сўмни ташкил қилган.

2023 йилда банклар ўз маблағлари ҳисобидан 5 трлн 717,3 млрд (2022 йилга нисбатан 1 трлн 931,2 млрд сўмга кўпроқ) кредит ажратган. Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ресурслари ҳисобига 2022 йилда бор йўғи 167 млрд сўм ипотека кредитлари ажратилган бўлса, 2023 йилда компания маблағларидан 1 трлн 576,3 млрд сўм ипотека кредитлари молиялаштирилган. Молия вазирлиги ресурслари ҳисобидан ажратилган кредитлар эса, аксинча, камайган - 2022 йилда 10 трлн 418,1 млрд сўмдан 2023 йилда 9 трлн 557,3 млрд сўмга тушган.

2022 йилда ажратилган ипотека кредитларининг 75 фоизи бирламчи, 25 фоизи эса иккиламчи бозордаги уй-жойларга ажратилган бўлса, 2023 йилда иккиламчи бозор учун кредитлар ажратиш анча "фаоллашган". Хусусан, 2023 йил ипотека кредитларининг 59 фоизи (9,8 трлн сўм) бирламчи бозордаги уйларга, 41 фоизи (7,1 трлн сўм) иккиламчи бозордаги уйларга ажратилган.

Ажратилган ипотека кредитлари бўйича ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри етакчилик қилишда давом этмоқда - 5 трлн 900 млн сўм (жами ажратилган ипотека кредитларининг 29,6 фоизи). Бундан ташқари, Фарғона вилояти (1,3 трлн сўм), Навоий вилояти (1,25 трлн сўм) ҳамда Тошкент вилояти (1,23 трлн сўм)да нисбатан кўпроқ ипотека кредитлари ажратилган. Сирдарё вилоятида энг кам ипотека кредити ажратилган – 380 млрд сўм.

Инфографика: Марказий банк

×