"Биз ҳеч қандай санкциялардан қўрқмаймиз" - Қирғизистон ҳукумати раҳбари "МИР" карталари тўхтатилганига изоҳ берди

"Биз ҳеч қандай санкциялардан қўрқмаймиз" - Қирғизистон ҳукумати раҳбари "МИР" карталари тўхтатилганига изоҳ берди

Фото: Kabar

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров мамлакатда нега "МИР" карталари тўхтатилганига ва эҳтимолий санкциялар хавфи бор-йўқлиги бўйича саволларга жавоб берди. Унинг айтишича, чекловни ҳукумат эмас, Банклараро процессинг маркази (БПМ) киритган.

"Биринчидан, биз ҳеч қандай санкциялардан қўрқмаймиз. Ҳаёт улар билан ҳам давом этаверади. Иккинчидан, санкцияларни қўллаш учун объектив асослар йўқ. Учинчидан, "МИР" карталарини тўхтатиб қўйган биз (ҳукумат -таҳририят) эмас. Биз бу ҳақда хизмат тўхтатилганидан кейин билдик. Чунки БПМ ҳукуматга тегишли эмас, балки тижорат банклари томонидан бошқарилади. Тижорат банкларининг 54% дан кўпроғига тегишли бўлган БПМ устидан ҳатто Миллий банк ҳам назоратга эга эмас. Тахминимча, тижорат банклари эҳтимолий санкциялардан қўрққан бўлиши мумкин.", — деди Жапаров.

Жапаров "МИР" карталарига хизмат кўрсатишнинг тўхтатилиши Россияга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини ва аксинча уларнинг иши Қирғизистонга зарурроқ эканлигини айтди.

“Ишлашни тўхтатганимиздан кейин бошқа йўлларни қидира бошладик. БПМ бу масалада Вазирлар Маҳкамаси билан келишиб олса яхши бўларди, чунки Россияда миллиондан ортиқ фуқароларимиз бор. Уларнинг барчаси "МИР" картасидан фойдаланарди. Биз Россиядан уч йилдан бери Қирғизистонда ўз банкини ёки йирик банкининг филиалини очишини сўраймиз. Ваъда беришади, лекин ҳалигача очишмади. Билмадим, улар шунчалик секин ишлайдими ёки шунчаки банк очиш ниятлари йўқ, - деди Вазирлар Маҳкамаси раҳбари.

Аввалроқ, Қирғизистонда БПМнинг дастурий таъминоти ва техник хизмат кўрсатиш ишларини олиб борувчи Латвия компанияси агарда БПМ "МИР" карталарини тўхтатмаган тақдирда марказни ўчириб қўйиши ҳақида хат йўллаган ва апрель ойида марказ карталарга чеклов ўрнатганди.

Эсалатиб ўтамиз, Россия Марказий банки раиси Элвира Набиуллина "МИР" карталари қисман чекланган ёки фаолияти тўхтатилган давлатларга жавоб санкциялари қўлланилишини истисно этмаслигини айтганди. Лекин рекулятор раҳбари бу экстремал чора эканини қайд этган.



×