Россия Марказий банки раиси Элвира Набиуллина ўз ҳудудида "МИР" карталарига хизмат кўрсатиш чекланган ёки тўхтатилган бир неча давлатлар билан тизим фаолиятини қайта тиклаш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у Россия Давлат Думаси йиғилишида таъкидлаб ўтди.
Йиғилишда Давлат Думасининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Ирина Роднина АҚШ Молия вазирлиги томонидан санкциялар қўлланганидан сўнг бир қатор мамлакатлар, жумладан Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон каби ҳамкор давлатларда ҳам айрим банклар ва тўлов тизимлари "МИР" карталарига тўлиқ ёки қисман хизмат кўрсатишдан бош тортганини таъкидлаб, савол билан мурожаат қилган.
"Россия банки [Марказий банк - таҳририят] Россия фуқаролари учун санкцияларнинг оқибатларини минималлаштириш учун янги чекловларига қарши қандай чоралар кўришни режалаштирмоқда? Марказий банк ушбу мамлакатлар фуқароларига Россиядан пул маблағларини ўз давлатларига ўтказишни чеклаш ёки тақиқлаш бўйича жавоб чораларини қўллашни кўриб чиқмоқдами?", - дея савол берган парламент вакили.
Э.Набиуллина ушбу саволга жавоб берар экан, мамлакат молия секторида санкциялар тўхтамаётганини, аксинча кучайиб бораётганини таъкидлаб, банк молиявий инфратузилмани сақлаш ва ривожлантириш бўйича ҳамкор давлатлар билан мулоқотни давом эттирилаётганини айтган. Регулятор раҳбари муқобил ечимлар бўйича тафсилотларини ошкор қилмаган, бироқ барча томонлар самарали тўлов механизмларини яратишдан манфаатдор эканини, хусусан туристик оқимлар ва меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари сабабли, "дўстона мамлакатлар"га ҳам ушбу ечимлар муҳимлигини қайд этган. Бунда у платформавий ечимлар интеграцияси ҳам муҳокама қилинаётганини таъкидлаган.
"Жавоб чораларига келсак, албатта, назарий жиҳатдан - чекловларни ҳам, тақиқларни ҳам қўллаш мумкин. Аммо, менимча, бу чоралар, агар улар конструктив ҳаракат қилмаса, ечимлар ва баъзи муқобил механизмларни топиш устида ҳамкорликда ишламаса, ушбу мамлакатларга нисбатан экстремал чоралар сифатида қаралиши керак.", - дея қўшимча қилган Набиуллина.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 23 сентябрдан UZCARD Ўзбекистонда “МИР” карталарига ҳамда хорижда UZCARD – "МИР" кобейжинг карталарга хизмат кўрсатишни вақтинча тўхтатилгани ҳақида маълум қилганди. 2023 йил январь ойида Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов Ўзбекистон банклари "МИР" карталарига хизмат кўрсатишни қайта тиклаш устида иш олиб бораётганини таъкидлаган.
“Тижорат банклари бу масала устида бош қотирмоқда... Имкон қадар, шарт-шароит яратиш (карталарга хизмат кўрсатишни қайта тиклаш учун – таҳр.) учун ҳамма ишларни қилишмоқда”, — деган М.Нурмуратов.
Марказий банк раҳбари карталарга хизмат кўрсатишни тиклашнинг аниқ муддатига аниқлик киритмаган. Айни пайтда ҳам Ўзбекистонда "МИР" карталарига хизмат кўрсатилмайди.
Тасодифий хабарлар
Асакабанк водий бўйлаб ўз балансидаги мол-мулкларни сотувга чиқарди
2022 йилда банк тизимининг кредит портфели қарийб 20 фоизга ўсди
"Bank Apelsin" яқин кунларда омонат турларини таклиф қилиши мумкин