Ўзбекистон олтин-валюта захиралари йил бошига нисбатан қарийб 2,4 млрд долларга камайди

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари йил бошига нисбатан қарийб 2,4 млрд долларга камайди

Фото: Getty Images

Марказий банк бир ойлик танаффусдан сўнг 1 март бўйича Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ҳолатини эълон қилди. 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 32,195 млрд долларни ташкил этмоқда. 1 январдаги кўрсаткичлар билан солиштирилганда захиралар қарийб 2,4 млрд долларга камайган. Таққослаш учун, бутун 2023 йил давомида халқаро захиралар 1,2 млрд долларга камайганди.

Захиралар камайишида хорижий валютадаги активларнинг йил бошидаги 9,369 млрд доллардан 7,549 млрд долларгача тушиши катта роль ўйнаган. Хусусан, бош офиси хорижда жойлашган банклардаги валюта захиралари 8,802 млрд доллардан 7,16 млрд долларгача камайган.

"Халқаро захиралар ҳажмидаги йил бошига нисбатан ўзгаришлар мавсумий тусга эга бўлиб, одатда январь-февраль ойларида кузатиладиган тенденция ҳисобланади. Шунингдек, мазкур динамикага 2019 йилда муомалага чиқарилган суверен Евро облигациялар бир қисмининг сўндирилиши ҳам таъсир кўрсатган", - дея изоҳ берган регулятор.

Халқаро захиралар таркибидаги олтиннинг ҳажми январь ойида 300 минг трой унцияга ортган, февраль ойида эса худди шу миқдорда камайган. Шундай қилиб олтиннинг соф ҳажми ўзгаришсиз қолган. Бироқ олтин нархидаги ўзгаришлар туфайли унинг қиймати 541 млн доллардан кўпроққа камайган.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк тақвими бўйича халқаро захиралар ҳақидаги ҳисоботлар ҳар ойнинг 7 санасида эълон қилиниши лозим. Марказий банк январь ойи бўйича ҳисоботни тақдим қилмаган. Февраль ойига оид кўрсаткичлар эса белгиланган санадан 4 кун ўтиб, эълон қилинди.

Манба: Марказий банк

×