БАА банклари Россия компаниялари ва фуқароларининг ҳисобрақамларини ёпишни бошлади

19.02.2024 11:49

2 745

Timer  png5 дақиқада ўқилади
БАА банклари ҳозирда Россиядан пул ўтказмаларини қабул қилмаяпти ҳамда тескари йўналишда ҳам транзакциялар чекланмоқда.

Фото: Arabian Business

БААнинг катта банклари Россия компаниялари ва фуқароларига ҳисобрақам очишларига чекловлар ўрнатмоқа ва мавжуд ҳисобварақаларни ёпмоқда. Бу ҳақда \"Ведемости\" нашри хабар берди.

Хабарда айтилишича, БАА банклари ҳозирда Россиядан пул ўтказмаларини қабул қилмаяпти ҳамда тескари йўналишда ҳам транзакциялар чекланмоқда. Шунингдек, ҳақиқий эгаси Россия фуқароси бўлган компанияларнинг ҳисобрақамлари ёпиляпти.

Россиялик тадбиркорларнинг сўзларига кўра, бундай қийинчиликлар АҚШ президентининг иккиламчи санкциялар ҳақидаги фармони 2023 йилнинг декабрида эълон қилинишидан анча олдин бошланган. Шундан сўнг Туркия ва Хитой каби давлатлар россиялик мижозлар билан ишлаш сиёсатини кескин ўзгартирган.

\"Ҳаётий бир мисол. Хитойдан товарлар сотиб оламиз. Код санкцияларда (Россияга Европа Иттифоқи ёки АҚШдан олиб кириш тақиқланган товарлар рўйхатига киритилган), маҳсулотнинг ўзи эса Хитойники - у ерда Европа технологиялари йўқ, бу оддий маҳсулот. Банклар эса товарлар санкция остидалиги важи билан ҳисобрақамларни ёпмоқда. Улар бизга Хитой билан БАА иштирокисиз тўғридан-тўғри ишлашни таклиф қилишди\", — деди россиялик тадбиркорлардан бири.

Бундан ташқари, ўтган йилнинг кузидан бошлаб россиялик мижозларнинг дирҳамда очилган вакиллик ҳисобрақамларидан тўлов қилиш имконияти йўқолди. Чунки тўловлар асосан амалга ошириладиган банк Ак Барс АҚШ санкцияларига тушди.Транзакцияларни амалга ошириш учун Гонконгдаги оралиқ юрисдикция қўшилди, аммо февраль ойидан бошлаб Гонконг банки ҳам тўловларни қабул қилишни тўхтатди.

Яна бир рус тадбиркорнинг таъкидлашича, ҳатто Россиядан пул олмайдиган ва Россияга пул ўтказмайдиган лекин россиялик бенефициарлари бўлган компаниялар учун ҳам банк хизматлари билан боғлиқ вазият янада мураккаблашмоқда. Аксарият ҳолларда БААдаги ҳисоб рақамига пул ўтказмалари жўнатувчиларга қайтариляпти. Айрим банклар деярли ҳар бир транзакция бўйича тушунтириш ҳужжатларини талаб қилмоқда, тўловни анча вақт давомида расмийлаштиришмаяпти, шунингдек, ҳеч қандай сабаб кўрсатмасдан тўловни амалга оширишдан бош тортишлари ёки ҳатто айрим ҳолларда ҳисобларни ёпишлари ҳам мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 14 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси санкциялар остидаги шахслар ва ташкилотларга Ўзбекистонда банк ҳисоб рақамларини очиш ҳамда тўловларни амалга оширишни тақиқловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилганди.

Теглар:

#россия#санкция#БАА

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган