Фото: AVO bank
Жорий йилнинг 30 ноябрь ҳолатига "AVO bank" АЖ устав капитали қонунчилик талабларига мослаштирилди ва банк хизмат кўрсатиш жараёнларини бошлашга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда банк матбуот хизмати Bankers.uz'га маълум қилди.
Хабарда қайд этилишича, банк хусусийлаштирилгандан буён фаол банк амалиётларини амалга ошира олмаган. Шунингдек, 2019 йил ноябрь ойидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан банк пассив операцияларни амалга оширишга чекловлар қўлланилган. 2023 йилнинг 13 январида “Ўзагроэкспортбанк” АТБ дастлабки хусусийлаштирилган пайтда зарур захиралар яратилиши ҳисобга олинган ҳолда банк молиявий зарари 46,2 млрд сўмни, банк кредит портфелидаги муаммоли активлар улуши эса 96,3 фоизни ташкил қилган.
2023 йилнинг 9 сентябрида банк номи “АVО bank” АЖга ўзгартирилди ва хусусийлаштиришдан сўнг бир бор - 2023 йилнинг 10 ноябрь санасида банк мулкдори ўзгарди. Банкнинг якуний бенефициари бўлган Руслан Адильбаев 2023 йил 20 ноябрдан “АVO bank” АЖ Кузатув кенгаши таркибига киритилган. “АVO bank” АЖ акцияларининг тўлиқ пакетига эгалик қилувчи “AVO.UZ” ҚК МЧЖ акцияларнинг 100 фоизлик улушини сотиб олиш бўйича битим қонун ҳужжатларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилган, шу жумладан, Марказий банкдан дастлабки рухсатнома олинган.
Табиийки, бенефициарни ўзгартириш ва ундан АVО лойиҳаси учун қўшимча сармоялар жалб қилиш жараёни кўплаб ташкилий масалаларни хал қилишни тақозо этарди. Ва бу "АVО bank" АЖ устав капитали ҳажми ҳамда минимал тартибга солиш стандартларининг вақтинчалик номувофиқлигига олиб келди. Натижада, Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси 2023 йил 4 октябрдан “АVО bank” АЖга қўмита қарорида назарда тутилган фаол-пассив ва бошқа айрим турдаги операцияларни амалга оширишга таъқиқ қўйди. Қайд этиш керакки, 2023 йилнинг январь ойидан бошлаб, “АVO bank” АЖга 190 миллиард сўмдан зиёд инвестиция киритилди, жумладан, харид нархи 56,6 млрд сўм ва устав капиталининг кейинги икки оширилиши 134,2 млрд сўмни ташкил этди. — расмий хабардан.
Банкнинг маълум қилишича, 2023 йилнинг 30 ноябрь ҳолатига кўра, “АVО bank” АЖнинг устав капитали 205 млрд сўмдан ортиқни ташкил этмоқда ва бу Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунида белгиланган меъёрларга тўлақонли мос келади. Шунингдек, банкда муаммоли активлар улуши 0 фоизгача камайтирилган бўлиб, айни пайтда банкнинг баланс молиявий натижаси 67,9 млрд сўм миқдоридаги зарарни ташкил қилмоқда.
Ҳозирда кўп сонли банк контрагентлари билан бир қаторда шакллантирилаётган рақамли банкнинг технологик контурини ишлаб чиқиш бўйича ишларнинг бир қисми 2022 йил апрель ойида ташкил этилган “AVO SERVICES AND TECHNOLOGY” МЧЖ IT компаниясида амалга оширилмоқда. Хусусан, банк билан сайт яратиш ва уни юритиш бўйича битим ҳамда масофадан туриб банк хизматларини кўрсатувчи “АVO REMOTE BANKING SERVICES” дастуридан фойдаланиш лицензиясини тақдим этиш юзасидан шартнома имзоланган.
Таъкидланишича, “AVO SERVICES AND TECHNOLOGY” МЧЖ акцияларининг 99,9 фоизи “AVO.UZ” МЧЖ ҚКга тегишли бўлиб, IT-компания “АVО bank” АЖ билан алоқадор шахс ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, банкка алоқадор ҳар қандай шахс билан битимлар эса фақат банк Кузатув кенгаши қарори билан амалга оширилади. Бундай режалаштирилган операциялар тўғрисида Марказий банк олдиндан хабардор қилинади. Аффилланган шахслар билан тузилган битимлар тўғрисидаги маълумотлар Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинади.
АVО стратегияси Ўзбекистон рақамли молиявий хизматлар бозорига етакчи банкни олиб киришдан иборатдир. Ҳозирги пайтда “АVО bank” AЖ ўз тижорий ишланмасини тез орада тақдим этишга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Банкка алоқадор барча расмий ахборот ва изоҳларни “AVО банк” АЖ матбуот хизматидан олишингизни, шубҳали манбаларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишингизни сўраб қоламиз. — дейилган хабарда.
Тасодифий хабарлар
Январь совуқ келгани учун кредит таътили беришни сўраш ҳам иқтисодий популизмнинг бир тури — иқтисодчи Отабек Бакиров
Туронбанк бошқарув раисига янги ўринбосар тайинланди
ЕТТБ Ўзбекистоннинг 4 та банкига 210 млн. доллар кредит линияси ажратади