Тошкент шаҳар марказидаги Алоқабанк бош офиси биноси сотилди

Тошкент шаҳар марказидаги Алоқабанк бош офиси биноси сотилди

Фото: e-auksion.uz

"E-AUKSION" электрон савдо платформасида Тошкент шаҳар марказида жойлашган АТ "Алоқабанк" бош офиси жойлашган маъмурий бино сотилди. Аукцион савдоси 4 апрель куни соат 10 да бўлиб ўтган ва 10 дақиқа, 44 сония давом этган. Аукционда битта ставка билан "Black Gold Industry News" масъулияти чекланган жамияти ғолиб бўлган. Битим суммаси бинонинг бошланғич нархи (304,04 млрд сўм) га нисбатан 5 фоиз қимматроқ — 317 млрд 146 млрд сўмни ташкил қилган.

Очиқ маълумотларга кўра, "Black Gold Industry News" МЧЖ 2022 йил 31 январда ташкил топган бўлиб, жамиятнинг устав капитали 8 млн сўмни ташкил қилади. Корхона Самарқанд шаҳри, Амир Темур кўчаси, 83-А уйда рўйхатдан ўтган, таъсисчиси сифатида жисмоний шахс Жалолов Зиёдилло Илёсиддин ўғли кўрсатилган.

Скриншот: stat.uz

Шунингдек, "Black Gold Industry News" МЧЖ худди шу куни бўлиб ўтган аукцион савдосида юқоридаги бинога қўшни бино — Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (ҳозирги Рақамли технологиялар вазирлиги) биносини ҳам 69,85 млрд сўмга сотиб олган.

Ягона корпоратив ахборот порталида маълум қилинишича, "Алоқабанк" жорий йил 3 апрель куни "Black Gold Industry News" МЧЖга "кўчмас мулк ва асосий воситалар сотиб олиш учун 180 ойга, йиилик 14% шартлари асосида" 390 млрд сўм миқдорида кредит ажратган.

Эслатиб ўтамиз, Алоқабанкнинг юқоридаги биноси 2013 йилда қурилган бўлиб, у ерда ҳозирда Алоқабанк Бош офиси ва Амалиёт бошқармаси фаолият олиб бормоқда. Сотувга қўйилган пайт электрон платформадаги энг қиммат бино эканлиги айтилган ушбу объект АТ "Алоқабанк" Кузатув кенгаши йиғилишининг 2022 йил 22 ноябрдаги баённомасига асосан сотувга қўйилган ҳамда ўзининг мебель ва жиҳозлари билан бирганликда сотилиши айтилганди.

×