Қишлоқ қурилиш банк акциядорлари банк номини ўзгартириш бўйича йиғилиш ўтказади

Қишлоқ қурилиш банк акциядорлари банк номини ўзгартириш бўйича йиғилиш ўтказади

2023 йил 28 сентябрь куни "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда банк томонидан Корпоратив ахборот ягона порталида маълумот қолдирилган.

Йиғилишда акциядорлар Банк номини ўзгартириш масаласини кўриб чиқади. Шунингдек, банкнинг янги таҳрирдаги устави ҳамда “Банк акциядорлари умумий йиғилиши тўғрисидаги”, “Банк Кузатув кенгаши тўғрисидаги” ва “Банк Бошқаруви тўғрисидаги” Низомлари тасдиқлаш ҳам муҳокама қилинади.

18 август куни Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда Қишлоқ қурилиш банк "Бизнесни ривожлантириш банки"га айлантирилишини маълум қилган эди.

4 сентябрь куни очиқ мулоқотда белгилаб берилган вазифалар юзасидан ПҚ-292 сонли президент қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, Бизнесни ривожлантириш банки томонидан 2023 йилнинг 1 октябридан 150 млн доллар миқдорида кредит линияси очилади.

2020 йил 1 октябрда қабул қилинган "Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисида"ги Марказий банк бошқарувининг 3252-сонли низомида банкни қайта номлаш учун акциядорлар умумий йиғилиши қарори қабул қилиниши белгиланган (V бўлим, 4-боб, 179-банд).

Банк номини ўзгартириш ва уставга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан кейин тегишли ҳужжатлар 30 кундан кам бўлмаган муддатда Марказий банкка тақдим этилади.

Марказий банк ҳужжатларни ўрганиб чиққач, банкларнинг давлат реестрига тегишли ёзувлар киритилади ва янги ном билан лицензия берилади. Шундан сўнг банкнинг янги номи кучга киради.

Банкнинг янги номи кучга кирган кундан бошлаб 2 иш куни давомида банк ўзининг расмий веб-сайтида бу тўғридаги ахборотни жойлаштириши шарт.

Эслатиб ўтамиз, Қишлоқ қурилиш банк 1994 йил августда "Ғалла-банк" РАТБ номи билан ташкил этилган. 2009 йил 30 мартдаги ПҚ-1083 сонли президент қарори билан Ғалла-банк негизида Қишлоқ қурилиш банк ташкил қилинган.


×