Қишлоқ қурилиш банк "Бизнесни ривожлантириш банки"га айлантирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди. Bankers.uz Президентнинг ушбу йўналишдаги нутқининг асосий жойларини келтириб ўтади.
Кичик бизнес марказлари
Йиғилишда таъкидланишича, Бизнесни ривожлантириш банки ҳузурида 14 та ҳудудий бизнес марказлари ташкил қилинади. Оилавий тадбиркорлик дастурларида тажриба орттирган 500 мингдан зиёд микробизнес вакиллари ҳамда 9400 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ҳар ойда ушбу микробизнес вакилларидан 3-4 нафарини ушбу марказда ўқитилишини таъминлайди. Марказлар ташаббускор бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашади ҳамда марказларда ўқитиш харажатлари банк томонидан қопланади. Бизнес марказларида бухгалтерия, солиқ ва аудит, маркетинг, ҳуқуқий ва консалтинг хизматлари кўрсатилади.
Марказда ўқиган тадбиркорлар лойиҳаларини молиялаштириш
Ҳудудлардаги кичик бизнес марказларида ўқиган тадбиркорларнинг лойиҳаларини молиялаштириш йўлга қўйилади. Бизнесни ривожлантириш банки тадбиркорлик субъекти жойлашган туман тоифасига қараб кредит фоизини белгилайди.
"Тадбиркор лойиҳасининг 10 фоизига ўзи улуш билан кирса, яна 45 фоизига "Бизнесни ривожлантириш банки" улуш билан киради. Қолган 45 фоизида давлат алоҳида ресурс беради. Ушбу мақсадлар учун банк 500 миллион АҚШ доллари ресурс жалб қилади, давлат 500 миллион АҚШ доллари ажратади", — деди Президент.
Кредитлар тадбиркорларга 5-7 йил муддатга имтиёзли шартлар асосида алоҳида берилади. Ушбу мақсадлар учун 200 млн доллар миқдорида кредит линиялари 1 октябргача очилади.
Кредит ва солиқ тарихи тоза тадбиркорларга ўз фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун кредит олишда гаров талаби 50 %га камайтирилади. Ўз лойиҳасини юритишда қўшимча маблағга эҳтиёжи бор корхоналарга мавжуд кредитга қўшимча маблағ ажратишга рухсат берилади. Ушбу мақсадлар учун йилига қўшимча 1 трлн сўм маблағ йўналтирилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида олиб кириладиган асбоб-ускунани суғурталаш, хом-ашё ва материалларни сертификатлаш харажатлари марказлар томонидан қоплаб берилади.
Кичик бизнес марказлари кўмагида лойиҳа ташаббускори ва йирик давлат корхоналари билан кооперация алоқалари ўрнатилади. Бунда янги корхоналарда замонавий технологияларни жорий қилиш, ходимлар малакасини ошириш ва маҳсулотини реализация қилишга марказлар ёрдам беради.
Шу билан бирга ушбу корхоналарга давлат харидлари тизимида ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни 2 йил давомида тўғридан-тўғри шартнома билан сотишга рухсат берилади.
“Бизнесни ривожлантириш банки”га улушдор бўлиб кириш
Кичик бизнес марказларини бошқаришга хусусий шериклар жалб қилинади. Ушбу тадбиркорларга “Бизнесни ривожлантириш банки”га улушдор бўлиб кириш ҳуқуқи берилади.Шунингдек, марказларга хорижий мутахассислар олиб келинади. Бунда бизнес-консультант, муҳандис-технолог, дизайнер, меҳмонхона бошқарувчиси, маркетолог, агроном, ветеринар, уруғшунос каби хориждан жалб қилинган мутахассисларга Ўзбекистонда ишлаш учун рухсатнома бериш муддати ҳозирги 1 йилдан 3 йилга узайтирилади. Ишлашга рухсатнома тўлови эса ҳозирги 10 миллион сўмдан 330 минг сўмга туширилади. Уларга ҳудудий меҳнат органидан ишга жалб этиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса олиш талаб қилинмайди.
Марказ билан ҳамкорликда кичик бизнес лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ барча жараёнлар соддалашган тартибда белгиланади.
Банк ҳам, марказ ҳам янги лойиҳа даромад келтириб, тадбиркор фаолияти ривожланишидан манфаатдор бўлиши учун янги кичик бизнес лойиҳаси ишга тушгач, икки йил давомида улардан тушадиган барча солиқлар “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг айланма маблағи учун ўтказиб берилади.
Яъни, тадбиркор қанча кўп даромад топишидан банк манфаатдор бўладиган тизим яратилади. Энг асосийси, ушбу дастурда исталган давлат ва хусусий банклар иштирок этиши, ўзлари ҳам ресурс жалб қилиши мумкин бўлади. Банкларнинг дастур доирасида олган фойдаси солиқ базасидан чегириб ташланади.
Бунинг учун ЕТТБ, ХМК ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлардан яна 500 миллион доллар жалб қилинади.
Ушбу ташаббуслардан бир йил ичида камида 150 мингта кичик бизнес субъектларини “оёққа турғизиш”, камида 25 мингтасини ўрта корхоналарга айлантириш, соҳада 250 минг янги доимий иш ўринларини яратиш мақсад қилинган.
Тасодифий хабарлар
Депозитлар қолдиғи банклар кесимида йил бошига нисбатан қанчалик ўсгани маълум бўлди
Ўтган 11 ойда 5,5 мингта кибержиноят содир этилган, шулардан 70 фоизи банк карталари билан боғлиқ
Микрокредитбанкда iABS дастурида ишловчи янги модул яратилди