"Asia Alliance Bank"нинг асосий акциядори ўзгарди

"Asia Alliance Bank"нинг асосий акциядори ўзгарди

Фото: Азия Альянс банк

"Asia Alliance Group" масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона "Asia Alliance Bank" акциядорлик тижорат банки акциялари пакетининг 77,3 фоизига эгалик қила бошлади. Бу ҳақда Ягона корпоратив ахборот порталида маълум қилинган. Банк устав капитали бугунги кунда 380,3 млрд сўмни ташкил қилишидан келиб чиқса, жамият банкнинг 293,9 млрд сўмлик акциялари эгасига айланган.

Мазкур ўзгаришга қадар, Давлат Статистика қўмитаси маълумотларида банк устав капиталининг 49,9 фоизига "Gor Investment Ltd.", 37,3 фоизига "Asia Alliance Group" МЧЖ ҚК ҳамда 12,8 фоизига "бошқалар" эгалик қилиши кўрсатилган. Бироқ, банк устав капитали миқдори 290,9 млрд сўм эмас, 186,8 млрд сўм кўрсатилган.

Фотоскриншот: stat.uz

Шунингдек, Статқўм маълумотларига кўра, банкнинг йирик акциядорига айланган "Asia Alliance Group" МЧЖ ҚК 2010 йилда ташкил қилинган бўлиб, асосий таъсисчилари сифатида Британиянинг "Gor Investment Ltd." (71,4 фоиз) ҳамда Тумасов Камо Владимирович (28,6 фоиз) кўрсатилган. Эътиборлиси, ўтган йилнинг 9 сентябрь санасида "Газета.уз"да чоп этилган реклама мазмунидаги материалда К.Тумасов "Asia Alliance Group"нинг 85 фоизига эгалик қила бошлагани айтилган эди.


Фотоскриншот: stat.uz

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил октябрь ойида давлат тасарруфига "ўтказилган" "Asia Alliance Bank" АТБ ўтган йил июль ойининг охирида қайта хусусийлаштирилгани ва ўзининг аввалги акциядори - "Gor Investment Ltd." тасарруфига ўтгани маълум бўлган эди.

×