Ориент Финанс банк устав капитали 1,5 трлн сўмга етказилмоқда

Ориент Финанс банк устав капитали 1,5 трлн сўмга етказилмоқда

Фото: ОФБ

Аввал хабар берганимиздек, 12 июнь куни "Ориент Финанс" ХАТБ акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш кун тартибида акциядорлар жами 13 та масалани кўриб чиқдилар. Хусусан банкнинг 2022 молия йилида олган 452,53 млрд сўм соф фойдасини тақсимлаш бўйича қарор қабул қилинди.

Йиғилиш қарорига кўра, банкнинг ўтган йилдаги соф фойдаси (452 534 289 291,1 сўм) қуйидаги кўринишда тақсимланади:

  • Умумий захира фондини шакллантириш учун — 23,21 млрд (23 210 931 256,1) сўм (соф фойданинг 5% миқдорида);
  • Кузатув кенгаши аъзоларига мукофот пули тўлаш учун — 313,94 млн (313 936 000,0) сўм. Бунда, 280,30 млн сўм мукофотга, 33,64 млн сўм 12% миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш учун йўналтирилади. Кузатув кенгаши аъзолари қуйидаги миқдорда мукофот пули оладилар: Бобур Парпиев - 67 млн сўм, Оксана Грищенко - 20 млн сўм, Жасурбек Джалилов - 45,6 млн сўм, Николай Фалилеев - 84,1 млн сўм. Бахтиёр Усманов - 63,6 млн сўм;
  • Банкнинг имтиёзли акциялари учун дивиденд тўлаш учун — 150,00 млн (150 000 000,0) сўм. Бунда банкнинг бир дона имтиёзли акцияси учун 375 сўм (акция номинал қийматининг 30,0% миқдорида) тўланади;
  • Банкнинг оддий акциялари учун дивиденд тўлаш учун — 428,86 млрд (428 859 422 035,0) сўм. Бунда банкнинг бир дона оддий акцияси учун 485 сўм (акция номинал қийматининг 38,8% миқдорида) тўланади.

Йиғилиш қарорида, акциядорлар банкнинг эълон қилинган оддий акциялари миқдори 1,2 млрд донани, битта оддий акциянинг номинал қиймати 1 250 сўмни, жами устав капитали 1,5 трлн сўмга етказилишини эълон қилган. Шунингдек, оддий акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар банкнинг оддий акцияларига эгалик қилувчи акциядорлар ихтиёрига кўра банкнинг қўшимча чиқарилган оддий акцияларини сотиб олиш учун тўлиқ ёки қисман ишлатилиши мумкинлиги айтиб ўтилган. Шундан келиб чиқадики, банкнинг оддий акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлари капитализацияга йўналтирилади.

Акциядорлар 2023 йилда мажбурий аудиторлик текшируви ўтказиш учун Ernst and Young аудиторлик компаниясини танлашган. Аудиторлик компаниясига 1,48 млрд сўм миқдорида хизмат ҳақи тўланади.

Шунингдек, банкнинг амалдаги Бошқаруви билан тузилган меҳнат шартномаси бир йилга узайтирилган.



×