Фото: Ипотека банк
Аввал хабар берилганидек, Венгриянинг ва Шарқий Европанинг энг йирик банкларидан бири - OTP Bank Ўзбекистоннинг йирик давлат банкларидан бири - Ипотека банкни сотиб олди. Бугун Тошкентдаги "Intercontinental" мажмуасида ушбу жараёнга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов, OTP Bank Бошқарувчилар кенгаши раиси ўринбосари Ласло Вульф ҳамда Ипотека банк бошқаруви раиси Элёр Иномжонов иштирок этдилар.
Тадбир давомида банкни хусусийлаштириш жараёнларининг бориши билан бир қаторда, Ипотекабанкнинг янги асосий акциядори томонидан келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди. Таъкидланишича, мазкур битим OTP Bank учун Ўрта Осиёдаги биринчи хусусийлаштириш тажрибаси бўлиш билан бир қаторда Ўзбекистон банклари учун Ғарб иштирокида амалга оширилган биринчи хусусийлаштириш жараёни ҳисобланади.
Ласло Вульф / Фото: Ипотека банк
Шунингдек, журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, OTP Bank Бошқарувчилар кенгаши раиси ўринбосари Ласло Вульф Ипотека банкнинг келгуси ривожланиш стратегиясида мамлакатнинг банк хизматлари бозори ва банк қадриятлари инобатга олинганини таъкидлади. Банк номи "Ипотека банк" кўринишида ўзгаришсиз қолиши ва яқин келажакда уни ўзгартирмасликка қарор қилингани ҳақида айтиб ўтди. Бундан ташқари, банкнинг давлат дастурларида фаол иштироки, бундан кейин ушбу жараёнларда банкнинг кўрадиган фойдаси ва рискларини ҳисобга олган ҳолда амалга ошишини таъкидлади.
Тасодифий хабарлар
MKBANK томонидан Ўзбекистондаги энг йирик газобетон ишлаб чиқарувчи корхонага пресс-тур ташкил этилди
Октябрь ойида муаммоли кредитлар қарийб 500 млрд сўмга ортди
Корея банки Ўзбекистонда шўба банк очишни режалаштирмоқда