Тошкент марказидаги Алоқабанк Бош офиси биноси сотувга қўйилди

Тошкент марказидаги Алоқабанк Бош офиси биноси сотувга қўйилди

Фото: E-auksion

Тошкентнинг Миробод туманида жойлашган офис биноси онлайн савдога қўйилди. Савдо e-auksion электрон платформасида бўлиб ўтади.

2013 йилда қурилган ушбу бино Амир Темур хиёбони яқинида жойлашган бўлиб, у ерда ҳозирда Алоқабанк Бош офиси ва Амалиёт бошқармаси фаолият олиб бормоқда.

Лотнинг бошланғич нархи 302 млрд. сўмни ташкил қилади. У ҳозирда электрон платформага қўйилган энг қиммат объект ҳисобланади.

Сотувга қўйилган ер участкасининг умумий майдони 0,3978 гектар, бино умумий майдони эса 7345 кв. метрдан иборат. Бинода электр таъминоти, сув, канализация мавжуд, лекин газлаштирилмаган.

Бино АТ "Алоқабанк" Кузатув кенгаши йиғилишининг 2022 йил 22 ноябрдаги баённомасига асосан сотувга қўйилган ҳамда ўзининг мебель ва жиҳозлари билан бирганликда сотилади.

Аукцион 2023 йилнинг 6 январь куни соат 10:00 да бошланади ҳамда аризалар шу куни соат 09:00 га қадар қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил апрель ойида Toshkent City мажмуасининг молия маркази қисмида учта давлат банки — Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк ҳамда Алоқабанклар учун офис қурилиши маълум бўлган эди. Бу борада қабул қилинган президент қарорида (ПҚ-4937) Алоқабанк учун премиум синфида қуриладиган офис биноси қиймати 102 млн. доллар, бинонинг умумий майдони 64 минг кв. метрдан иборат бўлиши кўзда тутилган.

Toshkent City'да қурилаётган Алоқабанк офиси макети

Toshkent City'нинг молия маркази ҳали ишга тушмади, қурилиш жараёнлари давом этмоқда. Январдаги савдолар муваффақиятли якунланганидан сўнг, Алоқабанк Бош офиси ҳамда Амалиёт бошқармаси ходимлари ҳозирги бинодан ижара асосида фойдаланиши ёки вақтинчалик бошқа жойга, масалан Мирзо Улуғбек туманидаги IT-Park ҳудудидаги бинолардан бирига кўчиб, ўша ердан мижозларга хизмат кўрсатиши ҳозирча расмий каналлар орқали маълум қилинмаган.

2022 йил 1 декабрь ҳолатида Toshkent City ҳудудида Алоқабанк (расмда ўнгда) ва Асакабанк (расмда чапда) бинолари қурилиш жараёни.

Фото: Мирзаолим Дилшодов / Bankers.uz


×