Асакабанк ва Ипотека-банк МДҲнинг топ-10 банклар рўйхатидан ўрин олди

Асакабанк ва Ипотека-банк МДҲнинг топ-10 банклар рўйхатидан ўрин олди

Асакабанк ва Ипотека-банк Forbes Россия нашри томонидан тайёрланган МДҲнинг энг умидли банклари топ-10 рўйхатга кирди.

Нашр банклар рейтинги халқаро рейтинг агентликларининг (Fitch, Moody's, Standard & Poor's) баҳолашлари асосида тузган. Банк қанчалик юқори рейтингга эга бўлса, унинг позицияси шунчалик юқори бўлади. Рейтинглар сони тенг бўлган тақдирда, юқори қаторни катта миқдордаги активларга эга банк эгаллайди.

Топ-10 ликдан Қозоғистоннинг 5 та банки, Грузиянинг 3 та банки ўрин олган. Умумий рўйхатга рус релокантлар учун қулай бўлган Арманистон, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган 50 та банк киритилган.

51,6 трлн. сўм ($4,59 млрд.) активларга эгалик қилаётган "Асакабанк" АЖ рейтингнинг 8-ўрнига муносиб кўрилган. Банкнинг 22 та филиали ва 7 та мини-банки, шунингдек Тошкент шаҳрида 2 та чакана хизмат кўрсатиш маркази мавжуд. Асакабанк 2022 йилнинг охирига қадар хусусийлаштирилиши керак эди. Бироқ, банк активларини хусусийлаштиришда иштирок этаётган ва келажакда банкнинг акциядорларидан бирига айланиши кутилаётган ЕТТБ "мавжуд геосиёсий ва иқтисодий вазиятда" хусусийлаштиришга шошилмасликни тавсия қилди.

Ипотека-банк тўққизинчи ўринда қайд этилган. Forbes Россия маълумотларида банк активлари 41,66 трлн. сўм ($3,7 млрд.) эканлиги кўрсатилган. Шунингдек, нашр банкнинг хусусийлаштирилаётгани тўғрисида ҳам қисқача ёзган.

Топ-10 ликдан бизнинг банк секторимизга бегона бўлмаган Қозоғистон Халқ банки, ТБС Банкларнинг Грузиядаги шўъба банклари ўрин олган.

Шунингдек, умумий рўйхатга Ўзсаноатқурилишбанк (13-ўрин), Қишлоқ қурилиш банк (14-ўрин), Ўзмиллийбанк (15-ўрин), Агробанк (17-ўрин), Халқ банки (19-ўрин), Микрокредитбанк (21-ўрин), Hamkorbank (24-ўрин) ва Капиталбанк (33-ўрин) киритилган.


×