Европа тикланиш ва тараққиёт банки геосиёсий вазият туфайли Ўзбекистон банкларини хусусийлаштиришни кечиктиришни маслаҳат берди. Бу ҳақда банк вице-президенти Юрген Ригтеринк 29 сентябрь куни бўлиб ўтган пресс-конференцияда маълум қилди.
“Ҳозирги геосиёсий ва иқтисодий вазиятда биз хусусийлаштириш жараёнини кучайтиришни тавсия этмаймиз. Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан биргаликда биз банклар раҳбариятига хат ёздик ва хусусийлаштиришни камида яна олти ойга кечиктиришни тавсия қилдик”, — дейди Юрген Ригтеринк.
Жорий йилнинг март ойида иқтисодиётда давлат ишитирокини қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш тўғрисида президент қарори (ПҚ-168 сонли) имзоланган эди. Молия вазирлигига банк соҳасида давлат улушини қисқартиришни давом эттириш бўйича топшириқ берилди.
Хусусан, жорий йилнинг охиригача Ўзсаноатқурилишбанк ва Асакабанкдаги давлат улуши сотувга қўйилиши ва бу хусусийлаштириш жараёнига ХМК, ЕТТБ ва ОТБ жалб қилиниши режалаштирилган эди.
“Ҳозир биз иккита банкни хусусийлаштириш бўйича музокаралар олиб боряпмиз, бу борада президент қарори ҳам бор. Ўзбекистон ҳукуматига шошмасликни тавсия қилдик, бу банкларнинг хусусийлаштиришга пухтароқ тайёргарлик кўриш зарур, энг муҳими, нархни арзонлаштирмаслик керак, бу банклар юқори қийматга эга бўлиши керак”, — таъкидлади ЕТТБ вице-президенти.
ЕТТБ Асакабанк билан активларни хусусийлаштириш ва трансформация қилишга тайёрлашда ҳамкорлик қилмоқда. Келишув доирасида ЕТТБ Асакабанк акциядорларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Шунингдек, ЕТТБ Ўзсаноатқурилишбанк акциядорларидан бирига ҳам айланиши мумкин, бу йил ёзда ЎзСҚБ ЕТТБдан маълум шартлар асосида банк акцияларига айирбошлаш мумкин бўлган 50 млн. долларлик кредит линияси ажратган эди. Бу Ўзбекистонда конвертация қилинадиган кредитлар бўйича ЕТТБнинг биринчи келишувидир. Аввалроқ "Ўзсаноатқурилишбанк" ЕТТБга қўшимча равишда ХМК ва ОТБдан жами 175 миллион доллар миқдорида конвертация қилинадиган кредитларни жалб қилиши маълум қилинган эди.
Тасодифий хабарлар
Европа Марказий банки асосий фоиз ставкасини рекорд даражада оширди
Картадан картага пул ўтказмалари учун солиқ жорий этиш режалаштирилмаган — ДСҚ
Туронбанкда очилган Visa карталари вақтинчалик ишламайди