Январдаги совуқ об-ҳаво туфайли 5 трлн. сўмга яқин кредит тўловлари муддати узайтирилади

Январдаги совуқ об-ҳаво туфайли 5 трлн. сўмга яқин кредит тўловлари муддати узайтирилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Январь ойида кузатилган "қаттиқ совуқ" туфайли тадбиркорларнинг 5 трлн. сўмга яқин кредит тўловлари муддати узайтирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида тадбиркорлар билан учрашувда маълум қилди.

ЎзА хабарига кўра, иқтисодиётдаги йўқотишлар ўрнини қоплаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун бугун, 3 февраль куни Президент алоҳида қарор имзолаган.

Хабарда айтилишича:

  • 2 минг нафар кичик ва ўрта тадбиркорларнинг январь-мартда муддати келадиган 4,7 триллион сўм кредит тўловлари 1 июнга қадар узайтирилади; 
  • Наманганда 73 та тадбиркорнинг 130 миллиард сўмлик кредит тўловлари узайтирилади. 

Шунингдек, қуввати пасайган 545 та саноат корхонасига ишлаб чиқаришни тиклаш ва айланма маблағ учун 8 триллион сўм кредит ажратилади, Наманганда 44 та тадбиркорга 65 миллиард сўм кредит ажратилади. Носоз ускуналарни таъмирлашга кредитлар ажратилади, улар бўйича 2,5 миллиард сўмгача кафиллик берилади ва кредит ставкасининг 4,5 фоизи қоплаб берилади.

  • Бундан ташқари 29 мингта тадбиркорнинг 2 триллион сўм солиқдан қарзини 1 июлга қадар фоизсиз, қўшимча гаровсиз ва "пеня"сиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Наманганда 395 та тадбиркорнинг 17 миллиард сўм солиқ тўловлари узайтирилади. 
  • 27 мингта тадбиркор учун давлат мулки ижара тўлови 1 апрелга қадар ўзгармайди ва уни бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади (тадбиркорларда 52 миллиард сўм қолади). Наманганда 183 та шундай тадбиркор бор. 
  • Давлат мулкини сотиб олган тадбиркорлар учун тўловлар, фоиз ва «пеня» 1 апрелга қадар тўхтатиб турилади. Ишлаб чиқариш биноларининг ҳар бир юқори қавати учун тадбиркорларга мол-мулк солиғидан 10 фоиздан чегирма берилади. 

Аввалроқ, 18 январь куни жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифаларида "январь ойи совуқ келганлиги сабаб банклар ўз мижозларига кредит таътиллари бериши керак"лиги тўғрисида ёзган эди. Мутахассислар бу каби чақириқларни "иқтисодий популизмнинг бир тури" эканлигини айтиб, сўнгги пайтларда бу каби нотўғри чақириқлар кўплаб янграётганини таъкидлаган эди.

"Ҳар ойда 10 трлн.сўмгача кредит мажбуриятлари сўндирилади. Бу дегани — агар кредит таътиллари берилса, кредит ажратилишини кутаётганлар 10 трлн.сўм кредит олмайди дегани ёки камида кредит нархлари кескин ортади, дегани. Янги кредитлаш камайгани ҳисобига товар ва хизматлар хариди, истеъмоли ва демакки, солиқларнинг тушуми ҳам камроқ бўлиши ҳақида-ку индамай қўя қолай", - деб ёзган Отабек Бакиров.






×