2022 йил давомида банкларнинг муаммоли кредитлари қарийб 2,4 трлн. сўмга камайган

2022 йил давомида банкларнинг муаммоли кредитлари қарийб 2,4 трлн. сўмга камайган

Фото: minfin.com.ua

Маълумотларга кўра, 2022 йил давомида Ўзбекистон тижорат банкларидаги муаммоли кредитлар жами 2 трлн. 353,8 млрд. сўмга камайган ва йил якунида 13 трлн. 992,4 млрд. сўмни ташкил этган. Бунда кредит портфели йил аввалига нисбатан қарийб 20 фоизга ўсган бўлса-да, тизим бўйича муаммоли кредитлар улуши йил бошидаги 5,02 фоиздан йил якунига келиб 3,59 фоизга тушган.

Давлат банкларидан деярли барчасида муаммоли кредитлар улуши камайган (жами давлат банклари бўйича 5,38 фоиздан 3,89 фоизгача камайган). NPL улушини йил аввалига нисбатан сезиларли камайтирган Халқ банки (-7,75 фоиз) ва Алоқабанкни (-2,03 фоиз)ни алоҳида қайд этиш мумкин. Шунингдек миқдор жиҳатдан Ўзмиллийбанкда (-667,2 млрд. сўм) ва Ўзсаноатқурилишбанкда (-270,8 млрд. сўм) муаммоли кредитлар сезиларли камайган.

Ўзагроэкспортбанкда муаммоли кредитлар йил бошидаги 55,48 фоиздан йил якунига келиб 96,29 фоизга чиққан (банк кредит портфели 30,1 млрд. сўмдан 6,2 млрд. сўмга камайиб кетганини эътиборга олиш лозим).

Бошқа банкларда муаммоли кредитлар улуши 2,81 фоиздан 2,06 фоиз даражасигача тушган. Муаммоли кредитлар Равнақбанкда (+112,4 млрд. сўм, +48,41 фоиз), Трастбанкда (+81,3 млрд. сўм, +1,93 фоиз), Тенге банк (+59,9 млрд. сўм, +0,30 фоиз), Анорбанк (+47 млрд. сўм, +1,55 фоиз), Мадад Инвест банк (+14,5 млрд. сўм, +8,07 фоиз) ҳамда Давр банк (+26,6 млрд. сўм, +0,56 фоиз)ларда муаммоли кредитлар улуши сезиларли ортган.

Бошқа банклар орасида Азия Альянс банк (-113,2 млрд. сўм), Инвест Финанс банк (-30,2 млрд. сўм), Ипак Йўли банк (-72,2 млрд. сўм), Ҳамкорбанк (-37,7 млрд. сўм) ҳамда Капитал банк (-53,6 млрд. сўм) бироз фаол бўлишган.

Изоҳ: Таҳлилларда Туркистонбанк ҳамда Хай Тек банк инобатга олинмаган.

Муаммоли кредитларнинг миқдоран камайиши уларнинг тўлиқ сўндирилганини англатмаслиги мумкин.

×