2022 йилда банк тизимининг кредит портфели қарийб 20 фоизга ўсди

2022 йилда банк тизимининг кредит портфели қарийб 20 фоизга ўсди

Фото: Pexels.ru

Оператив маълумотларга кўра, Ўзбекистон тижорат банкларининг жами кредит портфели 2022 йил якунида 390 трлн. сўмдан ошди. Бу кўрсаткич йил бошига нисбатан 64,5 трлн. сўмга, ёки 19,8 фоизга кўпдир. Кредит портфели ҳажми бўйича энг йирик 10 та банкдан 8 таси давлат банклари (Ўзмиллийбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Агробанк, Асакабанк, Ипотека-банк, Халқ банк, Қишлоқ қурилиш банк, Микрокредитбанк) ва 2 таси хусусий банк ( Капиталбанк ва Ҳамкорбанк) бўлиб, уларда тизим кредит портфелининг 85,3 фоизи концентрациялашган.

Йил якунида жами фаолият юритган банклардан фақатгина Асакабанк (-2,5 фоиз), Ўзагроэкспортбанк (-79,9 фоиз), Равнақбанк (-39,9 фоиз) ва Пойтахтбанк (-7,9 фоиз)ларда кредит портфели миқдори йил бошига нисбатан камайган.

Кредит портфели ҳажмининг кескин ўсиш суръати иккита рақамли банкда қайд этилган - Anorbank портфелини 250 фоизга (+1,5 трлн. сўмга), TBC Bank эса 336 фоизга (+1,16 трлн. сўмга) ўсишига эришган. Шунингдек портфель ҳажмининг юқори ўсиш суръати Агробанкда (35,9 фоиз), Капиталбанкда (91,9 фоиз), Ориент Финанс банкда (41,7 фоиз), Давр банкда (43,3 фоиз), Тенге банкда (43,4 фоиз)ларда қайд этилган. Шунингдек, Гарант банк, Эрон Содерот банк, КДБ Банк Ўзбекистон каби банклар ҳам портфели миқдор жиҳатидан нисбатан камроқ бўлса-да, тизим бўйича ўртача ўсиш даражасидан баланд суръатига эришганлар.

Кредит портфели таркибида миллий валютадаги кредитлар 52,5 фоизни, хорижий валютадагиси эса 47,5 фоизни ташкил қилган.

Изоҳ: Таҳлил жараёнларида 2022 йил давомида тугатилган банклар - Туркистонбанк (йил бошига кредит портфели 685,9 млрд. сўм) ҳамда Хай Тек банк (йил бошига кредит портфели 159,9 млрд. сўм) ҳисобга олинмаган.

×