Аввалроқ \"Капиталбанк\" АТБ Бошқарув раиси Алишер Мирзаев банк раҳбарлигидан кетгани ва Кузатув кенгаши таркибига ўтганини хабар берган эдик.
13 январь куни бўлиб ўтган Капиталбанк акциядорлари умумий йиғилишида Кузатув кенгаши аъзолари Кирилл Маевский (Россия) ва Ербол Сабиргалиев (Қозоғистон)ларнинг ваколати муддатидан олдин бекор қилинди ва банк Кузатув кенгаши аъзолари сони 7 нафардан 5 нафарга туширилди.
Хабар беришларича, Кирилл Маевский Капиталбанк бошқарув раиси этиб тайинланган. Амалдаги тартибларга кўра, К.Маевский ушбу лавозимга Марказий банк билан келишилгандан сўнг киришиши мумкин.
“Банк учун рақамлаштириш нафақат глобал тенденцияга эътибор, балки бизнинг асосий вазифамизни бажариш, мижозларга ҳам жисмоний, ҳам юридик шахсларга хизмат кўрсатишни янада тез ва қулайроқ қилиш имкониятидир. Биз ўзбекистонликлар ҳаётини яхши томонга ўзгартирмоқчимиз, банк бўлимлари бўлмаган аҳоли пунктларига “қўл узатмоқчимиз”, - дейди Кирилл Маевский. — Ва албатта, банкнинг рақамли хизматларини ривожлантириш билан бирга, \"Капиталбанк\" АТБ мижозлари учун фойдали таклифлар сони, жумладан, Uzum экотизимининг бошқа маҳсулотлари билан интеграциялашув орқали ҳам ошади.
Маевский Кирилл Леонидович 2004 йилда Москва радиотехника, электроника ва автоматика давлат институти (Московский государственный институт радиотехники, электроники и автоматики - МИРЭА)ни техника тизимларида информатика ва бошқарув мутахассислигида, 2013 йил Россия янги университети (Российский новый университет - РосНОУ)ни молия ва кредит, ихтисослаштирилган молиявий менежмент мутахассислигида тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2014 йилда \"Кредит Европа Банк\" (Россия)да Тарқатиш каналлари дирекцияси бошлиғи сифатида бошлаган. 2017-2021 йилларда ушбу банкда Истеъмол кредити дирекцияси бошлиғи, 2021 йилдан Вице-Президент - Истеъмол кредити дирекцияси бошлиғи лавозимларида ишлаган.