"CONTINENT ARM INVESTMENTS" Капиталбанкнинг иккинчи йирик акциядорига айланди

"CONTINENT ARM INVESTMENTS" Капиталбанкнинг иккинчи йирик акциядорига айланди

16 январь куни "Капиталбанк" АТБ Ягона корпоратив ахборот порталида акциядорларидан бири "CONTINENT ARM INVESTMENTS" МЧЖнинг улуши ортганини маълум қилди.

Банк хабарига кўра, 11 январь куни "CONTINENT ARM INVESTMENTS" МЧЖ биржадан ташқари савдоларда банкнинг 9,33 фоиз акцияларини сотиб олган ва банк устав капиталидаги улушини 38,46 фоизга етказган. Компания ҳозирда банкнинг 164,9 млн. дона оддий акцияларига эгалик қилмоқда.

11 январдаги савдоларда "CONTINENT ARM INVESTMENTS" МЧЖ 38 млрд. сўмга Капиталбанкнинг 40 млн. дона оддий акцияларини сотиб олган. Бунда бир дона оддий акция учун 950 сўм тўланган. Акцияларни сотувчининг кимлиги маълум эмас.

"CONTINENT ARM INVESTMENTS" МЧЖ (СТИР 305547858) нинг учта таъсисчиси бор: Равшан Абдусаматов (45,9%), Махсуд Абдусаматов (34,7%) ва Алексей Губайдулин (19,4%). Ушбу компания ака-ука Абдусаматовларнинг "Continent Insurance" МЧЖсининг қайта ташкил қилинган шакли ҳисобланади. Аввалроқ "Continent Insurance" МЧЖ номида "суғурта" сўзи бўлса-да, лекин компания суғурта фаолияти билан шуғулланмаслиги ҳақида ёзган эдик. Шу сабабли қайта ташкил қилишда компания номидан "суғурта" сўзи чиқариб ташланган бўлиши мумкин.

Қайта ташкил қилишда "CONTINENT ARM INVESTMENTS" МЧЖга яна бир акциядор — Алексей Губайдулин қўшилган. "Continent Insurance" МЧЖ эса тўлиқ ака-ука Абдусаматовларга тегишли эди. Қайта ташкил қилишгача компания устав капитали 117,28 млрд. сўмни ташкил қилган бўлса, ҳозирда устав капитал [яна бир таъсисчи қўшилиши ҳисобига] 155,29 млрд. сўмни ташкил қилмоқда.

Ҳозирда Капиталбанкнинг акциядорлик капитали таркиби қуйидагича: "Finance TCI" МЧЖ (61,54%), "CONTINENT ARM INVESTMENTS" МЧЖ (38,46%), бошқа акциядорлар (10%).

×