Фото: Depositphotos
Бир нечта тижорат банклари фуқаролардан сўнгги кунларда бўлаётган ноодатий совуқ шароитида ташқарида ўрнатилган банкоматлардан фойдаланишда эҳтиёт бўлишни сўраб, мурожаат қилмоқда.
Хусусан, Қишлоқ қурилиш банк ҳамда Алоқабанк ўз телеграм каналида бу бўйича алоҳида пост эълон қилди. Қишлоқ қурилиш банк ўз эълонида аномал совуқ туфайли айни кунларда ташқи банкоматларнинг техник ҳолатида носозликлар кузатилиб, пул чиқармай қолиш ҳолатлари кузатилаётганини айтган ҳамда мижозларга аёзли кунларда пластик карточкалардаги пулларни нақдлаштиришда имкон қадар ёпиқ иншоотлардаги банкоматлардан фойдаланишни тавсия этган. Шунингдек, банк мижозлардан 24/7 офисларининг эшикларини очиқ қолдирмасликларини сўраб, бу ҳолат шахобчалардаги банкомат, кондиционер ва бошқа техник воситаларнинг ишдан чиқишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Худди шу каби мурожаат Алоқабанк томонидан ҳам эълон қилинган. Банк мижозлардан 24/7 режимида ишлайдиган шохобчаларда ўрнатилган банкоматлардан тўғри фойдаланишларини сўраб, айни кунларда Ўзбекистонда об-ҳаво кескин ўзгарганлиги сабабли ушбу ҳолат банкоматларнинг хизмат кўрсатиш сифатига ҳам таъсир қилаётганини айтиб ўтган.
Шахобчалар эшикларини очиқ ҳолатда ташлаб кетиш ёки ушбу эшиклар автомат тарзда очилиб ёпилишига халақит қилувчи ҳар қандай жиҳозларни қўйиш оқибатида нафақат банкоматлар, балки кондиционерлар ҳам ишдан чиқишига олиб келиши мумкинлигини эътиборга олишингизни сўраб қоламиз, дейилган банк мурожаатида.
Шунингдек, кеча Халқ банки томонидан 61 та ташқарида ўрнатилган банкоматлар техник сабабларга кўра ишламаслиги ҳақида хабар берилди. Банк ўз постида мижозларга нақд пул ечишда бино ичидаги банкоматлардан фойдаланишни тавсия қилди.
Bankers.uz боғланган банкомат ускуналари бўйича мутахассисларнинг фикрича, ҳар қандай банкоматни эксплуатация қилиш бўйича нормалар белгиланган бўлиб, ушбу нормаларда ташқи ҳарорат ва намликка ҳам талаблар ўрнатилган. Хусусан, Ўзбекистонга олиб келинган банкоматларннинг эксплуатация талабларида ташқарига ўрнатишда ҳам тегишли нормалар мавжуд бўлиб, банклар ушбу нормаларни ҳисобга олишмоқда.
Тасодифий хабарлар
Hamkorbank ўз мижозларига мурожаат билан чиқди
Микрокредитбанк паррандачилик бўйича пресс-тур ўтказди
ЕТТБ вице-президенти банкларни хусусийлаштиришни олти ойга кечиктиришни таклиф қилди