\"Finance TCI\" МЧЖ \"Капиталбанк\" АТБнинг мажоритар акциядорига айланди. Бу ҳақда банк томонидан Ягона корпоратив ахборот порталида маълумот қолдирилган.
Finance TCI 2022 йил 28 декабрда биржа савдоларида банк устав капиталининг 50 фоизини ташкил қилувчи 214,4 млн. дона оддий акциясини сотиб олган эди. Битим 786,89 млрд. сўмга имзоланган ва бир дона акциянинг нархи 3670 сўмдан ҳисобланган.
Биржа маълумотларига кўра, Капиталбанкнинг 50 фоиз акцияси бир марта битим тузиш орқали сотилган. Ушбу миқдордаги акциялар Россиянинг Телекоминвест ширкатига тегишли. Битим натижасида рус ширкати банк акциядорлари сафидан чиққан бўлиши мумкин.
Ҳозирда Finance TCI банкнинг 61,54 фоиз акцияларини назорат қилмоқда.
2022 йил январида ўша пайтда Алишер Усмоновнинг USM холдинги тузилмаларига тегишли бўлган компания банкнинг 8,33 фоиз улушига эга бўлди. USMнинг шўъба корхонаси Телекоминвест 2021 йилнинг кузида банк акциядорига айланди, кейин эса ўз улушини кенгайтирди.
Январь ойи охирига келиб Усмоновга алоқадор компаниялар Капиталбанкнинг 58,33 фоизини назорат қилган.
Россиянинг Украинадаги уруши ортидан, Алишер Усмонов, бир қатор рус олигархлари каби, Коллектив ғарб санкциялари остида қолди. Натижада, 2022 йилнинг март ойида USM Телекоминвест ва Finance TCI компанияларини “Капиталбанк бизнесини ривожлантиришдан манфаатдор бўлган хусусий инвесторлар гуруҳи”га сотилишини эълон қилди. Ўзбекистондан рўйхатдан ўтказилган Finance TCI компаниясининг эгалиги USM холдингининг топ менежерлари қўлига ўтган эди.
Ҳозирда Finance TCI компаниясига Djuzum SPV эгалик қилмоқда. Djuzum SPV айни вақтда Uzum, Uzum Market, Uzum Technologies ҳамда One Factor ва Fast Delivery Technogies компанияларининг ҳам эгаси саналади.