Ноябрда кредитлар бериш секинлашди, муаммоли кредитлар миқдори камаймоқда

Ноябрда кредитлар бериш секинлашди, муаммоли кредитлар миқдори камаймоқда

Марказий банк тижорат банкларининг кредит портфели ҳамда портфелдаги муаммоли кредитлар (NPL) улуши тўғрисида 2022 йил 1 декабрь ҳолатига маълумот тақдим этди.

Маълумотларга кўра, банк тизимининг кредит портфели ҳажми ноябрь ойи давомида 6 трлн. 781 млрд. сўмга кўпайган. Ўсиш асосан 2 та йирик банклар ҳиссасига тўғри келган — кредит портфели Агробанкда 2,01 трлн. сўмга, Ўзмиллийбанкда 828 млрд. сўмга ошган.

Бошқа банкларда жами кредит портфели ҳажми 2 трлн. 59 млрд. сўмга ошган. Бунга асосан, Капиталбанк (+805 млрд. сўм), Hamkorbank (+266 млрд. сўм) ва Тенге банк (+198 млрд. сўм)лар сезиларли таъсир ўтказган.

Банк тизими жами кредит портфелидаги муаммоли кредитлар ҳажми ноябрь ойи давомида 851 млрд. сўмга камайган ва жами портфелнинг 4,02 фоизини ташкил қилмоқда (ойлик пасайиш - 0,29 фоиз). Ўтган ойда қарийб барча банкларда муаммоли кредитлар миқдори камайган.

Бунда давлат улуши устувор банклар орасида сезиларли пасайиш Халқ банки (-219 млрд. сўм), Ўзмиллийбанк (-168 млрд. сўм) ва Ўзсаноатқурилишбанк (-116 млрд. сўм)ларда қайд этилган.

Хусусий банклар орасида Капиталбанк (-42 млрд. сўм), Инфинбанк (-38 млрд. сўм), Тенге банк (-22 млрд. сўм)лар NPL миқдорини бироз камайтиришга эришган бўлса, Давр-банк (+33 млрд. сўм) ва Гарант банк (+11 млрд. сўм)ларда NPL даражаси ортган.

1 ноябрь ҳолатида эълон қилинган статистикада муаммоли кредитларининг жами портфелидаги улуши 90% дан ошган банклар қолмаган бўлса, бу ойда Ўзагроэкспортбанкда NPL даражаси 95,8 фоизгача ошган. Ҳозирда ушбу банкдан ташқари Равнақ-банк (71,52%), Мадад Инвест банк (16,86%) ва Халқ банки (14,42%)ларда NPL улуши икки хонали рақамда қолмоқда.



×