Тижорат банкларида муаммоли кредитлар улуши ортишда давом этмоқда. Айримларида аҳвол аянчли

NPL

Марказий банк 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, тижорат банкларининг муаммоли кредитлари (NPL) тўғрисида ҳисоботни тақдим этди.

Унга кўра, жами кредитлар қолдиғи 300,5 трлн. сўмни, ундаги муаммоли кредитлар улуши 5,6 фоизни ёки 16,8 трлн. сўмни ташкил қилмоқда. Бу 1 июнь ҳолатида NPL кўрсаткичидан 2,8 трлн. сўмга кўпроқдир. Бир ой олдин жами кредит қолдиғига нисбатан муаммоли кредитлар улуши 4,7 фоиз эди. Бир ой ичида бу улуш 0,9 фоизга ортган.

НПЛ_page-0001

Манба: Марказий банк

Давлат улуши мавжуд банклар орасида энг юқори NPL улушига эга банклар Ўзагроэкспортбанк (жами кредит қолдиғининг 62,6%), Халқ банк (15,0%), Алоқабанк (8,2%) лар саналади.

Давлат улушига эга бўлмаган банклар орасида аҳвол янада аянчли. Ўтган ойдаги каби Hi-Tech bank банк (90,9%) ҳамда Туркистон банк (80,2%), Мадад инвест банк (27,8%) ларда муаммоли кредитлар улуши юқори. 1 июнь ҳолатида Туркистон банк ва Мадад инвест банкларнинг NPL улуши мос равишда 2,3% га ҳамда 1,1% га камайган. Бироқ бу камайиш молия ташкилотларининг жами кредит қолдиқлари камайиши ҳисобига юз берган. Ўтган ойдан фарқли равишда Равнақ банкнинг муаммоли кредитлар қолдиғи 1,6 фозидан 33,4 фоизга кўпайган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров NPL ўсаётганининг асосий омили сифатида унинг тан олинаётганини келтирган. Шу билан бирга, муаммоли кредитлар тан олиниб, уларнинг қолдиғи ўсаётганига қарамай, кредитлар бўйича йўқотишларга қарши резервлар мутаносиб миқдорда ташкил этилаётгани йўқ. Июнь ойида 2,8 трлн.сўмга ўсгани ҳолда қўшимча атига 0,5 трлн.сўм захиралар яратилган холос. Айрим банкларда тан олинган NPL суммасига мутаносиб миқдорда захиралар яратилганида уларнинг капиталининг етарлилиги бўйича муаммолар юзага келиши мумкин.

 

×