Навоийда биолаборатория ускуналари учун ажратилган 2,5 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ўзлаштирилган

Навоийда биолаборатория ускуналари учун ажратилган 2,5 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ўзлаштирилган

Навоий вилояти Кармана туманида биолаборатория жиҳозлари ва бошқа керакли ускуналар олиш учун ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган 2,5 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Фуқаролар С.А. ва М.А. “K.T.” МЧЖни ташкил этиб, ажратилган имтиёзли кредит маблағини гўёки ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш мазмунида 9 та хўжалик юритувчи субъектларга кўчириш орқали ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Ўхшаш ҳолатлар Наманган ва Сирдарё вилоятларида ҳам аниқланган.

Департаментнинг Наманган туман бўлими хабарига кўра, “X.z.” МЧЖ раҳбари Ф.Х. “У.Ю.” хусусий корхонаси раҳбари М.А. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, ҳудудий тижорат банклари филиалидан паррандачиликни ривожлантириш ҳамда замонавий гидропоник иссиқхона қуриш учун ажратилган 2,2 млрд. сўм ва 486 970 АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини бошқа мақсадларда сарфлаб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. Шунингдек, Департаментнинг Гулистон туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “A.X.” МЧЖ раҳбари Р.Р., “С.И.” фермер хўжалигини норасмий бошқариб келган С.Б. ва бошқалар “A.X.” МЧЖга томорқачилик фаолиятини ривожлантириш учун техника ва жиҳозлар сотиб олишга ажратилган 1,9 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағини “S.-7” МЧЖ “С.И.” фермер хўжалигига ўтказиш орқали нақдлаштириб олиб, талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

×