Туркия Марказий банки асосий ставкани пасайтирди

Туркия Марказий банки асосий ставкани пасайтирди

Фото: APA

Туркия Марказий банки йил бошидан бери тўртинчи марта асосий ставкани пасайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда WALL STREET журнали хабар бермоқда.

24 ноябрдан бошлаб ставка 1,5 фоизга пасайтирилиб, 9 фоизни ташкил қилмоқда. Регуляторнинг қайд этишича, бу - инфляцион рискларнинг ортиши сабабли пул-кредит сиёсатининг юмшатиш даврининг якунловчи  қадами бўлади. Жорий йил январь ойида Туркия президенти Раджаб Тоййиб Эрдўғон ставкаларни пасайтиришни давом эттирмоқчи эканлигини эълон қилган эди. Туркия президенти мамлакатда инфляция тезлашишига қарамай, йил охиригача кредитлашни йиллик 10 фоиздан паст бўлиши бўйича топшириқ берганди.

Расмий маълумотларга кўра, октябрь ойининг охирида, нархларнинг ўсиш суръати охирги йигирма йил ичида максимал даражага чиқиб, инфляция 85,5 фоизни ташкил қилган. Шу билан бирга, Туркия мустақил иқтисодчилари эса инфляцияни 185 фоиз деб баҳоламоқда.

Туркия миллий валютаси 2021 йилнинг кузидан бери 2,1 баравар қадрсизланди. Девальвация натижасида 2021 йил сентябрь ойида асосий ставка 19 фоиздан 14 фоизгача пасайди, сўнгра декабрь ойида регулятор юмшатиш сиёсатини тўхтатди. Ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, амалдаги қарор турк лирасининг долларга нисбатан курсига деярли таъсир кўрсатмади. Бир кун давомида АҚШ валютаси атиги 0,1 фоизга -- 18,63 лирагача қимматлашди.

Йил бошидан бери Туркия ҳукумати лира курсини сақлаб қолиш учун 60 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлади. Шунингдек, ҳокимият фуқароларни жамғармаларни лирага ўтказишга va экспорт қилувчилардан валюта тушумининг камида 40 фоизини сотишни талаб қилди. Аввал таъкидлаб ўтилганидек, Эрдўғон юқори ставкалар билан ишлаб чиқарувчилар харажатларни маҳсулот нархига қўшиб, нархларни оширишга мажбур бўлади, деб ҳисоблайди. Шунинг учун у ставкаларни юмшатиш тарафдори, иқтисодчилар эса, одатда, инфляцияга қарши курашиш учун ставкаларни оширишни маслаҳат беришади. Иқтисодий вазиятни яхшилаш учун Туркия президенти Саудия Арабистони va Форс кўрфази мамлакатларидан инвесторларни жалб қилишга ҳаракат қилмоқда.


×