Октябрь ойида муаммоли кредитлар 968 млрд. сўмга камайди

Октябрь ойида муаммоли кредитлар 968 млрд. сўмга камайди

Марказий банк тижорат банкларининг кредит портфели ҳамда портфелдаги муаммоли кредитлар (NPL) улуши тўғрисида 2022 йил 1 ноябрь ҳолатига маълумот тақдим этди.

Маълумотларга кўра, банк тизимининг кредит портфели ҳажми октябрь ойи давомида 12 трлн. 363 млрд. сўмга кўпайган. Ўсиш асосан 3 та йирик банклар ҳиссасига тўғри келган — кредит портфели Ўзмиллийбанкда 4,06 трлн. сўмга, Агробанкда 2,27 трлн. сўмга ва Ўзсаноатқурилишбанкда 1,81 трлн. сўмга ошган.

Бошқа банкларда жами кредит портфели ҳажми 1 трлн. 426 млрд. сўмга ошган. Бунга асосан, Капиталбанк (+758 млрд. сўм), Hamkorbank (+250 млрд. сўм) ва Ориент Финанс банк (+222 млрд. сўм) лар сезиларли таъсир ўтказган.

Банк тизими жами кредит портфелидаги муаммоли кредитлар ҳажми октябрь ойи давомида 968 млрд. сўмга камайган ва жами портфелнинг 4,30 фоизини ташкил қилмоқда (ойлик пасайиш - 0,41 фоиз). Муаммоли кредитларнинг қарийб 1 трлн. сўмга камайиши тугатилаётган банклар — Туркистонбанк (619 млрд. сўм) ва Hi-Tech Bank (109 млрд. сўм) лардаги муаммоли кредитлар статистикада акс этмаётгани билан боғлиқ.

Бундан ташқари, давлат улуши устувор банклар орасида Ўзсаноатқурилишбанкдан бошқа барча банклар муаммоли кредитларнинг бир қисмини сўндиришга эришган. Сезиларли пасайиш Ўзмиллийбанк (-78 млрд. сўм), Туронбанк (-43 млрд. сўм) ва Халқ банки (-42 млрд. сўм) ларда қайд этилган.

Хусусий банклар орасида Инфинбанк (-32 млрд. сўм), Asia Alliance Bank (-27 млрд. сўм) ҳамда Hamkorbank ва Ипак Йўли банклар (ҳар бирида -11 млрд. сўмдан) NPL миқдорини бироз камайтиришга эришган бўлса, Давр-банк (+32 млрд. сўм), Гарант банк (+14 млрд. сўм) ва Тенге банк (+4 млрд. сўм) ларда NPL даражаси ортган.

Ўтган ойдан фарқли равишда муаммоли кредитларининг жами портфелидаги улуши 90% дан ошган банклар қолмади. Туркистонбанк (95,01%) ва Hi-Tech Bank (93,77%) лар тугатилиш жараёнида бўлса, Ўзагроэкспортбанк 1,4 млрд. сўмлик муаммоли кредитларини сўндириб, NPL даражасини 88,24 фоизгача пасайтиган. Бироқ, Ўзагроэкспортбанк (88,24%), Равнақ-банк (73,35%), Мадад Инвест банк (16,68%), Халқ банки (15,64%) ва Тенге банк (10,19%) ларда NPL улуши икки хонали рақамда қолмоқда.

×