Фото: Исмоил Туропов / Bankers.uz
"Микрокредитбанк" АТБ Келес филиали тугатилиши ҳақидаги хабар турли ижтимоий тармоқ саҳифаларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлгани, шунингдек, ушбу ҳолат "Ёшлар" телеканалининг "Янги Давр" дастуридаги лавҳада гўёки филиал тугатилиши туфайли банк ходимлари ишсиз қолиши ва мижозлар сарсон бўлишига олиб келиши айтилгани борасида расмий муносабат билдирди.
Банк муносабатида айтилишича, Келес филиали банк Кузатув Кенгашининг 2022 йил 29 июлдаги қарорига мувофиқ тугатилиши белгиланган. Шунингдек, “Микрокредитбанкни 2025 йилгача ривожлантириш стратегияси”ни реализация қилиш юзасидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да ҳам банк инфратузилмаси ва мижозларга хизмат кўрсатиш савиясини, маданиятини янада ривожлантириш тадбирлари доирасида жойлардаги барча филиалларни босқичма-босқич тугатиш орқали ягона МФО тизимига ўтказиш кўзда тутилган. Ягона МФОга ўтиш жараёнида нафақат Келес, балки Қизириқ, Зомин, Жумашой, Тошбулоқ каби филиаллари ҳам тугатилиб, улар негизида БХОлар очилмоқда.
Шунингдек, расмий муносабатда "банк тижорат ташкилоти ҳисобланиши ва “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонун ҳамда ўзининг ички сиёсати доирасида тижорат манфаатларидан келиб чиқиб, мустақил қарор қабул қилиши" эслатиб ўтилган.
Телеканал лавҳасида "17 минг нафардан ортиқ мижозларнинг сарсон-саргардон бўлишига ҳеч ким кафолат бермаяпти, Келес филиали тугатилиши билан барча юридик мижозлар ҳисоб-рақамлари Нурафшондаги Тошкент вилояти Амалиёт бўлимига ўтиб кетиши" айтилган. Банк маълумотларга кўра, филиал мижозлари сони 5 055 тани ташкил қилади. Бунда юридик мижозлари сони 1519 та, якка тартибдаги тадбиркорлар сони 974 та, кредит олган ва омонат қўйган жисмоний шахслар сони эса 2 562 нафар. Ушбу мижозларга ҳудуддаги Тошкент (Келес филиалидан 1,5 км масофада жойлашган) ва Олтинтепа (Келес филиалидан 9 км масофада жойлашган) БХМлари орқали хизмат кўрсатилади. Бу ерда тушунмовчиликнинг келиб чиқишига ҳар битта БХМ алоҳида МФО билан эмас, балки вилоятдаги барча БХМлар Тошкент вилоят Амалиёт бўлимидаги МФО орқали хизмат кўрсатади. МФО бўлмагани билан Келес филиалидан ҳисобрақами кўчирилган мижозлар учун барча банк амалиётлари Тошкент туманидаги банк хизматлари марказларида амалга оширилади. Тошкент вилояти Амалиёт бўлимига эса боришга ҳожат қолмайди.
Шунингдек, банк расмий муносабатида ушбу филиалнинг зарар билан фаолият юритаётгани таъкидланган. Хусусан, филиал 2022 йил июнь ойини 11,1 млрд. сўм, июль ойини 9,2 млрд. сўм, август ойини 9,2 млрд. сўм, сентябрь ойини 9,5 млрд. сўм, октябрь ойини 9,4 млрд. сўм зарар билан якунлаган. 2022 йил 1 ноябрь ойи ҳолатига кўра, Келес филиалида муаммоли кредитлар (NPL) 29,9 млрд. сўмни ёки кредит портфелининг 26,3 фоизини ташкил этиб, йил бошига нисбатан 671 млн. сўмга ёки 2,3 фоизга, 2-чорак якунига нисбатан эса 4,4 млрд. сўмга ёки 15 фоизга ошган.
Микрокредитбанк Келес филиалида 35 та штат бирлиги бўлиб, ҳозирда 30 нафар ходим ишлаётгани маълум қилинди. Ёшлар телеканали эфирида эса 40 нафар банк ходими ишсиз қолаётгани айтилган. Банк ушбу ходимларнинг тумандаги Тошкент ва Олтинтепа БХМлари ҳамда Тошкент вилояти минтақавий филиалидаги бўш иш ўринларига жойлаштириш ишларини амалга оширилаётганини билдирди.
Тасодифий хабарлар
Туронбанк йил охирига қадар ўз процессинг марказини ишга туширади
Bank of Georgia Ўзбекистон давлат облигацияларини сотиб олди
Tenge Bank Бухорода янги офисини очди