4 та ҳудудда 7,2 млрд. сўмлик кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди

4 та ҳудудда 7,2 млрд. сўмлик кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди

Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм, Наманган, Қашқадарё вилоятларида умумий қиймати 7,2 млрд. сўмдан ортиқ кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Хусусан, Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Б.С.” МЧЖ мансабдор шахслари ҳудудий тижорат банки филиалидан чорвачиликни ривожлантириш учун ажратилган кредит маблағларининг 3,3 млрд. сўмини бошқа мақсадларда сарфлаб, талон-торож қилганлиги аниқланган.

Департаментнинг Ҳазорасп туман бўлими хабарига кўра, “Sh.A.” ва “H.M.” МЧЖлар масъул шахслари ва бошқалар ўзаро тил биликтириб, парранда ва озуқа еми сотиб олиш учун “Sh.A.” МЧЖга ажратилган 2 млрд. сўм кредитни “H.M.” МЧЖга ўтказиш орқали нақдлаштириб олиб талон-торож қилган.

Шунингдек, Департаментнинг Поп туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “S.S.” МЧЖ раҳбари М.Х. ва иш юритувчиси Ў.М. ҳудудий тижорат банки филиалидан МЧЖга аёллар гўзаллик салони ва фитнес спорт тўгарагини ташкил этиш учун ажратилган имтиёзли кредит эвазига ҳарид қилинган спорт анжомлари ва жиҳозларини сотиб юбришиб, жами 1,2 млрд. сўм кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Департаментнинг Ғузор туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, фуқаро Р.К. яқин қариндоши Ш.Х.нинг номидан “Н.S.” деҳқон хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиб, чорва молларини кўпайтириш ва йилқичилик фаолиятини амалга ошириш, зотдор отлар сотиб олиш ҳамда кўпайтириш учун банк филиалидан ажратилган 700 млн. имтиёзли кредит маблағини бошқа мақсадларда сарфлаб, талон-торож қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

×