Марказий банк 2022 йил 1 ноябрь ҳолатида пул агрегатлари статистикасини тақдим қилди. Унга кўра, кенг маънодаги пул массаси (M2) миқдори ўтган ойга нисбатан 2,86 трлн. сўмга камаяган ва 171 трлн. 304 млрд. сўмни ташкил қилмоқда. Жорий йилнинг февраль ойидан бери ўсиб келаётган пул массаси (июнь ойида ҳам бироз пасайган эди) илк бора қарийб 3 трлн. сўмга камайди.
Муомаладаги нақд пуллар миқдори октябрь ойида бир ой олдинги кўрсаткичга нисбатан 8 млрд. сўмга камайиб, 43,78 трлн. сўмни ташкил қилмоқда.
Миллий валютадаги талаб қилиб олингунча депозитлар миқдори эса 36,69 трлн. сўмгача пасайган (-955 млрд. сўм).
Миллий валютадаги пул пассаси ой давомида 679 млрд. сўмга кўпайган. Ушбу ўсиш миллий валютадаги бошқа депозитларнинг 1 трлн. 641 млрд. сўмга кўпайиши ҳисобига юз берган.
Кенг маънодаги пул массаси (М2) камайишига, чет эл валютасидаги депозитларнинг камайиши (-3 535 млрд. сўм) асосий таъсир кўрсатган.
Кенг маънодаги пул массаси (М2) Халқаро валюта жамғармасининг “Пул-кредит ва молиявий статистикани шакллантириш қўлланмаси” (ПМСШҚ 2016) концепция ва таснифларига мувофиқ Марказий банк ва бошқа депозит ташкилотларининг (тижорат банклари) мажбуриятлари маълумотлари асосида ҳисобланган. М2 ўз ичига муомаладаги нақд пулларни (банк тизимидан ташқаридаги) ҳамда бошқа молиявий ташкилотлар, давлат номолиявий ташкилотлар, хусусий сектор ҳамда уй хўжаликларининг (аҳоли) миллий валютадаги ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча , жамғарма ва муддатли депозитларини олади.
Тор маънодаги пул массаси (М1) ўз ичига муомаладаги нақд пуллар ва миллий валютадаги талаб қилиб олингунча депозитларни олади.
Тасодифий хабарлар
Шуҳрат Атабаев Навоий вилояти ҳокими этиб тайинланиши кутилмоқда
Президент банк тизимидаги трансформация жараёнларини муҳокама қилди
Тошкентда Тадбиркорлар мактаби очилди