Фото: Daryo.uz
Бугун, 29 июль куни Марказий банк Бошқарув йиғилиши асосий ставка бўйича қарор қабул қилди. Йиғилишда ҳозирда амалда бўлган 14 фоизлик асосий ставка ўзгаришсиз қолди, дея хабар бермоқда Bankers.uz манбалари. Шу билан бирга, Марказий банк фоиз коридори ±2 фоиз бандга кенгайтирилди ҳамда пул-кредит инструментлари тўпламига бир қатор ўзгартиришлар киритилди
Марказий банкнинг бу сафарги йиғилиши аслида 22 июль куни ўтказилиши керак эди. Бироқ Қурбон ҳайити муносабати билан 22 июль дам олиш куни бўлгани учун йиғилиш бир ҳафта кейинга — 29 июлга кўчирилган эди.
Эслатиб ўтамиз, асосий ставка охирги марта ўтган йил 10 сентябрда пасайтирилган эди.
Марказий банкнинг бу сафарги йиғилиши инфляцион таргетлаш режимига ўтиш режасига мувофиқ, 2021 йилда инфляция даражасини 10% гача пасайтириши, коронавирус пандемиясидан кейин иқтисодиётнинг аста-секин тикланаётгани фонида юз бермоқда.
Аввалроқ, Марказий банк II чорак якунлари бўйича бир қатор ҳисоботларни тақдим этган эди. Марказий банкнинг II чорак учун тақдим этган "Пул-кредит сиёсати шарҳи"га кўра, июнь ойи якунлари бўйича йиллик инфляция кўрсаткичи 10,9 фоизни ташкил этган. Инфляция йил бошидаги 11,1 фоиз кўрсаткичдан 0,2 фоизга пастроқ. Бироқ пасайиш кўпроқ мавсумий характер билан ифодаланган. Шу билан бирга, аҳолининг инфляцион кутилмалари 16,3 фоизга тенг. Инфляцион кутилмалар бўйича Марказий банк ҳар чоракда аҳоли ва тадбиркор орасида сўровнома ўтказиб келади.
Бугун соат 15.00да Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси бўйича Бошқарув йиғилиши қарори юзасидан Марказий банк Раиси иштирокида матбуот анжумани ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Тасодифий хабарлар
Туронбанк акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтади
Марказий Осиё банклари Россиядан тўловларни рад эта бошлади — РБК
Қишлоқ қурилиш банк 2021 йилга бағишланган матбуот анжумани ўтказди