Марказий банк бош биноси томини қуёш панеллари билан қоплашни режалаштирмоқда

Марказий банк бош биноси томини қуёш панеллари билан қоплашни режалаштирмоқда

Марказий банк Тошкент шаҳар Миробод тумани Ислом Каримов кўчаси 6-уйда жойлашган бош биноси (Б маъмурий блоки) томини қуёш панеллари билан қоплашни режалаштирмоқда. Регулятор ускуналар учун 3 млрд. 300 млн. сўм харажат қилишга тайёр.

Давлат харидлари порталига қўйилган эълонда "Марказий банк биносининг том қисмига 3200 м2 майдонга 300кВт қувватга эга энергия тежовчи қуёш электр станцияси (ҚЭС)ларни тайёр ҳолатда ўрнатиш" кераклиги айтилган.

Қуёш панеллари икки тарафлама монокристал ёки PERS технологияси асосида ишлаб чиқарилган модул, 530 Вт (тахминий ҳажмлар 2256х1130) бўлиши, IP66 стандарти бўйича ҳимояланган бўлиши талаб этилади.

Қуёш панеллари ишлаб чиқарувчиси ёки етказиб берувчиси маҳсулотга камида 5 йиллик кафолат бериши керак. Шунингдек, ўрнатиладиган қуёш панеллари камида 80% самарадорлик билан 20 йил муддатда ишлаши талаб этилади.

Марказий банк эҳтиёжидан ортиқча энергия "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ тармоқларига узатилади ҳамда жараён тўлиқ автоматлаштирилган онлайн кузатиб бориш мониторинг тизимига эга бўлади. Қуёш панеллари 220 ҳамда 380 Вольтда ишлайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 сентябрдаги 518-сонли қарорига мувофиқ, Қашқадарё вилоятидаги "Чироқчи" эркин иқтисодий зонасида қуёш фотоэлектрик панеллари ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

×