4 та ҳудудда кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди

4 та ҳудудда кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди

Тошкент шаҳар ҳамда Сурхондарё, Наманган, Фарғона вилоятларида умумий қиймати 2,5 млрд. сўмдан ортиқ кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Департамент органлари томонидан банкларнинг комплаенс-назорати тузилмалари билан ҳамкорлик доирасида пул маблағларининг талон-торож қилиниши бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ўз вақтида қонуний чоралар кўрилмоқда. 

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Чилонзор туман бўлими томонидан ҳудудий тижорат банки филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Y.O.” МЧЖ раҳбари У.О. ва бошқалар ушбу МЧЖга ажратилган кредитнинг 1,3 млрд. сўмини “S.B.” МЧЖга “Hyundai” русумли экскаватор харид қилиш учун ўтказиб, гўёки экскаватор харид қилинганлиги тўғрисида ҳужжатларни сохталаштириш орқали кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.  

Департаментнинг Бойсун туман бўлими хабарига кўра, туман Ободонлаштириш бўлими ҳисобчиси С.М. 17 нафар фуқаронинг номига уларнинг хабардорлигисиз ЯТТлар ташкил қилиб, жами 513,2 млн. сўмлик имтиёзли кредит олишга эришиб, ушбу маблағлар эвазига олинган тикувчилик дастгоҳларини сотиб юбориб, давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Департаментнинг Чортоқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, “B.G.” МЧЖ раҳбари З.Б. ва бошқалар банк филиалидан “B.G.” МЧЖга маиший техникалар харид қилиш учун ажратилган 450 млн. сўмга техникаларни харид қилмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Шунингдек, Департаментнинг Қувасой шаҳар бўлими “З.Н.” деҳқон хўжалиги раҳбари Ғ.А. ва бошқалар ҳудудий тижорат банки масъул шахслари билан ўзаро тил бириктириб, 11 нафар фуқаронинг номига иссиқхона ташкил этиш учун ажратилган 260,5 млн. сўм кредитни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликларини аниқлаган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

×