Фото: Қишлоқ қурилиш банк
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи “Ўзбекистон иқтисодий форуми” доирасида “АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”да трансформация ва хусусийлаштириш жараёнлари” мавзусида тақдимот тадбири бўлиб ўтди. Унда банк мижозлари ва ҳамкорлари, инвесторлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда “АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”да фаол олиб борилаётган трансформация жараёнлари ва уларнинг дастлабки натижалари, келгусидаги устувор йўналишлар ҳақида ахборот берилди.
Фото: Қишлоқ қурилиш банк
Қайд этилдики, Иқтисодий форумнинг муваффақиятли ўтказилаётгани ва унда иштирок этишга хорижий институционал инвесторларнинг юқори даражадаги қизиқиши Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси ва ҳукумат томонидан бу йўлда амалга оширилаётган қадамлар, шу жумладан, банк хизматлари бозорини ривожлантириш ва либераллаштириш нуқтаи назаридан қанчалик самарали эканини тасдиқлайди. Инвесторларга акцияларни таклиф қилиш жараёни миноритар портфел инвесторлари учун бозорда яна бир жозибадор инвестиция воситасини яратишга имкон бериши керак.
Маросимда АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” ва “Avesta Investment Group” МЧЖ ўртасида банк акцияларининг қўшимча оммавий таклифини (FPO) ички бозордаги “Тошкент” Республика фонд биржаси платформасига жойлаштириш жараёнини бошлаш тўғрисида шартнома имзолангани маълум қилинди.
Таъкидланганидек, бу Ўзбекистон банк сектори учун илк тажриба бўлиб, мамлакат фуқаролари ва институционал ва халқаро инвесторларни кенг жалб этган ҳолда, давлат механизмлари орқали мамлакат банк секторини фаол хусусийлаштириш жараёни бошланаётганини англатади.
Ушбу шартноманинг имзоланиши банкни, унинг раҳбариятини ва ходимларини FPOнинг фаол босқичига тайёрлаш кампаниясини бошлаб беради. Бу ахборот меморандумини тайёрлаш, банкнинг корпоратив бошқарув тузилмасида ўзгаришларни бошлаш, дивиденд сиёсатини қайта кўриб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва институционал ҳамда халқаро портфел инвесторлари учун фаол road-show ўтказиш каби жараёнларни ўз ичига олади.
Тадбирда амалга оширилган ишлар 2023 йилнинг биринчи ярмида инвесторларнинг кенг доирасида муваффақиятли FPO ўтказиш ва банкнинг эркин сотиладиган акциялари ҳажмини тахминан 5 фоизга ошириш имконини бериши билдирилди.
Тадбир иштирокчилари банкнинг келгусидаги устувор йўналишлари ва режаларидан хабардор бўлди. Келгусида АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” инвесторлар билан ҳамкорлик ишларини янада фаоллаштиришни ва потенциал инвесторларга банк трансформациясининг тузилмаси, ривожланиш динамикаси ва мақсадларини яхшироқ тушунтиришга қаратилган бир қатор оммавий тадбирлар ташкил қилишни режалаштирмоқда.
Банк ва “Avesta Investment Group” МЧЖ биргаликда банкнинг қўшимча чиқарилаётган акцияларининг оммавий таклифи (FPO) маҳаллий капитал бозорини ривожлантириш ва шакллантиришда муҳим босқич бўлишига, шунингдек, мамлакатимизнинг кўплаб фуқароларига Ўзбекистон Республикасининг етакчи молия институти капиталида иштирок этиш имкониятини беришига умид билдирмоқда.
Тадбир доирасида АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” ва халқаро молия институтлари ўртасида банклараро кредит ва савдони молиялаштириш линияси бўйича келишув битимлари имзоланди.
Хусусан, "Cargill Financial Services Internetional, Inc." (АҚШ) билан кредит маблағларини жалб қилиш бўйича 20 млн. АҚШ доллари ҳамда “Халқаро савдони молиялаштириш ислом корпорацияси” (Саудия Арабистони) билан савдони молиялаштириш бўйича 10 млн. АҚШ доллари миқдоридаги келишувларга эришилди.
Шунингдек, форум доирасида Молия вазирлиги, Марказий банк ва АТБ "Қишлоқ қурилиш банк" ўртасида давлат қимматли қоғозларининг бирламчи аукционларида иштирок этиш ҳуқуқини ва бирламчи дилер мақомини берувчи уч томонлама шартнома ҳам имзоланди.
Банк ахборот хизмати
Тасодифий хабарлар
Тижорат банклари сабзавотчилик кластерлари учун 14% лик кредит ажратади
Asia Alliance Bank акциялари назорат пакети хориж компаниясига ўтди
Марказий банкка киберхавфсизликни таъминлашга оид қўшимча ваколатлар берилади