ДСҚ талабига кўра тўлов ташкилотлари ва банклар ўз иловаларидаги муҳим функцияларни ўчирмоқда

ДСҚ талабига кўра тўлов ташкилотлари ва банклар ўз иловаларидаги муҳим функцияларни ўчирмоқда

Фото: Ўзмиллийбанк

Ўзбекистондаги йирик тўлов ташкилотлари - Payme, Click ва бошқалар, шунингдек банкларнинг иловалари, хусусан Apelsin 2022 йил 1 ноябрдан эътиборан, ўз иловаларидан истеъмолчи-мижозлар учун керакли функциялардан айримларини - жойида тўлов (русчада "оплата на местах") ҳамда QR-тўлов функцияларини ўчиришга мажбур бўлишмоқда. Бу ҳақда тўлов ташкилотлари ўзларининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида, шунингдек иловалари орқали хабарларда маълум қилишган.

Ушбу ҳаракатга катта эҳтимол билан Давлат солиқ қўмитасининг тўлов тизимларидан жойида тўловлар (русчада "оплата на местах"), QR-код орқали тўлов, Телеграм каналларида тўлов каби барча тўловларни фискаллаштиришни талаб қилганлиги бўлиши мумкин. Қўмитанинг тегишли хатида мазкур талаблар кўрсатиб ўтилган.

Фото: "Davletovuz"

Айрим иловалар мазкур вазиятни профилактика мақсадида юзага келганлигини айтишган бўлса, Payme иловаси ҳолатга батафсил изоҳ беришга ҳаракат қилишган.

Қуйидаги хизматлар: жойида тўловлар, QR-код орқали тўлов, Телеграм каналларида тўлов – барча тўловларни фискаллаштириш бўйича техник ишлар олиб борилаётгани сабабли вақтинча ишламайди. Айни пайтда Республикада чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар тартибини такомиллаштириш, яъни барча тўловларни фискаллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2022 йил 1 ноябрдан Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган онлайн касса машиналари, тўлов ташкилотлари ва фискал маълумотлар оператори ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик схемаси кучга киради ҳамда тасдиқланган ўзаро ҳамкорлик схемасидан четга оғишлар солиқ органлари томонидан санкциялар қўлланилишига олиб келади. Ушбу вазият туфайли бизнинг жамоамиз шошилинч равишда техник ишларни амалга ошириши ва қуйидаги хизматларни вақтинча ўчириб туриши талаб этилади: жойида тўловлар, QR-код орқали тўлов, Payme GO, Телеграм-каналларидаги тўлов ва баъзи бошқа тўловлар. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва имкон қадар тезроқ Payme'даги севимли функцияларингизни қайтадан фойдаланишга топшириш устида иш олиб бормоқдамиз. Биз билан қолганингиз учун ташаккур! - Payme иловасининг расмий изоҳи.

Шунингдек, Apelsin иловаси ҳам вазиятга изоҳ берар экан, "биз айбдор эмасмиз" маъносидаги хэштегдан фойдаланган.

Ҳолат бўйича Facebook ижтимоий тармоғининг "Налоговый консультанты Узбекистана" гуруҳидаги постда ва унинг изоҳларида Давлат Солиқ Қўмитасининг ушбу "янгилиги" унчалик ҳам "илиқ" кутиб олинмаган ва қаттиқ танқидларга сабаб бўлган.

Скриншот "Налоговые консультанты Узбекистана" гуруҳи / Facebook

Телеграмдаги "Davletovuz" канали муаллифи эса, вазиятга изоҳ берар экан, Давлат Солиқ қўмитасининг ушбу ҳаракатини қаттиқ қоралаган.

QR-код тўловлар тадбиркорлар учун электрон тўловларни қабул қилиш учун энг арзон имконият эди. Чунки ҳеч қандай харажатга олиб келмаган — тўлов тизимига уланиб, принтерда QR-кодни чиқариб қўйиб, нақдсиз тўловларни қабул қилса бўларди. Нақд пулдан қочиш учун яхши имконият эди, энди яна тадбиркорга ортиқча харажат, истеъмолчига жабр. Гўёки яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўлида танланган ушбу чора Давлат солиқ қўмитасининг "қонун талаблари асосида ишлашимиз керак", деган ақлли баёнотлари билан хаспўшланса керак. Яна онлайн хизматлар, онлайн тўловлар тизими ривожи зарар кўради, одамлар ўз-ўзидан нақд пул билан муомала қилишга ўтади, бир-икки "ақллининг ташаббуслари"ни деб шунча иш бир жойга тиқилади. Ўзидан тушови қимматга айланмаса гўрга эди. - "Davletovuz" телеграм каналидан иқтибос.

Вазият юзасидан йирик савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, хусусан "KorzinkaUz" ҳамда "Express24" ҳам ноқулайликлар учун узр сўраган.

×