Тўққиз ой давомида жами кредитлар қолдиғи 36,5 трлн. сўмга ўсди

Тўққиз ой давомида жами кредитлар қолдиғи 36,5 трлн. сўмга ўсди

Марказий банк 2022 йил 9 ой якунларига кўра тижорат банкларининг кредитлари тўғрисида маълумот тақдим этди.

Унга кўра, 1 октябрь ҳолатида банклардаги жами кредитлар 362,9 трлн. сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 36,5 трлн. сўмга ёки 11,2 фоизга ўсган.

Давлат улуши устувор бўлган банклар орасида кредитларнинг ўсиш суръати энг кўп Туронбанкда (13,4 фоиз), Микрокредитбанкда (12,9 фоиз), Ўзмиллийбанкда (11,9 фоиз) ва Қишлоқ қурилиш банкда (11,8 фоиз) кузатилган. Йирик давлат банклари орасида фақатгина Асакабанк (-4,7 фоиз), шунингдек Пойтахтбанк (-18,5 фоиз) ва Ўзагроэкспортбанк (-75 фоиз) ларда кредитлар қолдиғи камайган.

Кредитлар қолдиғи жами давлат банкларида йил бошига нисбатан 8,2 фоизга ўсган бўлса, бу кўрсаткич давлат улуши устувор бўлмаган банкларда 29,1 фоизни ташкил қилган. Хусусан, жадал ўсиш суръати TBC Bank (209,0 фоиз), ANORBANK (190,0 фоиз), Капиталбанк (62,3 фоиз), Эрон Содерот банк (44,4 фоиз), Ориент Финанс банк (32,9 фоиз) ларда кузатилган. Шу билан бирга, Равнақ-банк (-33,3 фоиз), Hi-Tech Bank (-27,5 фоиз) ва Туркистонбанк (-5,0 фоиз) ларда кредит қолдиғи камайган.

Кредитлар таркибида жисмоний шахслар кредитларининг жами банк тизими бўйича ўсиш суръати 30,2 фоизни ташкил қилган бўлса-да, мазкур ўсиш асосан давлат улуши бўлмаган банклар ҳиссасига тўғри келган - ушбу банкларда жисмоний шахслар кредитлари қолдиғи 70,6 фоизга ўсган (давлат банкларида эса 20,3 фоизга).

Юридик шахслар депозитлари ҳажми ўзгариши йил бошига нисбатан 6,1 фоизни ташкил этиб, бу борада ҳам давлат улуши устувор бўлмаган банклар фаолроқ бўлишган - 11,8 фоиз (давлат банкларида ўсиш 5,2 фоизни ташкил қилган)

Батафсил маълумот билан қуйидаги жадвалда танишишингиз мумкин:

×