ANORBANK 70 млрд. сўмлик қўшимча акция чиқармоқда

ANORBANK 70 млрд. сўмлик қўшимча акция чиқармоқда

"ANORBANK" АЖ Кузатув кенгаши 19 октябрь куни Молия вазирлиги томонидан банкнинг 70 млн. дона оддий акцияларини чиқариш тўғрисидаги қарорини давлат рўйхатидан ўтказилганлигини маълум қилди.

Банкнинг бир дона акциясининг номинал қиймати 1000 сўм этиб белгиланган. Умумий қиймати 70 млрд. сўмлик қўшимча акциялар рўйхатдан ўтказилган.

ANORBANK Кузатув кенгаши қарорига мувофиқ, банкнинг оддий акцияларига эгалик қилувчи акциядорлар ўзларига тегишли акциялар сони ва улушига мутаносиб равишда қўшимча чиқарилган акцияларни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эгалар. Имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи ANORBANK'нинг 2022 йил 13 октябрь ҳолатига шакллантирилган акциядорлар реестрида қайд этилган акциядорларга нисбатан тадбиқ этилади.

Имтиёзли ҳуқуқ ушбу хабар эълон қилинган кундан бошлаб 10 календарь кун давомида амал қилади.

Имтиёзли ҳуқуққа эга бўлган акциядор “ANORBANK” АЖга акцияларни сотиб олиш тўғрисида ёзма ариза юбориб, ўзининг тўлиқ ёки қисман имтиёзли ҳуқуқидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Аризада акциядорнинг исми шарифи, яшаш манзили, сотиб олмоқчи бўлган акциялари сони, тўловни тасдиқловчи ҳужжати ҳамда алоқа телефон рақами акс этиши керак.

Ушбу чиқарилган акцияларни жойлаштириш биржадан ташқари уюшмаган қимматли қоғозлар бозорида фуқаролик-ҳуқуқий битимлар асосида тегишли шартномалар тузиш ва уларни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда "UNIVERSALDEPOZIT" МЧЖда рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи муддати тугагандан сўнг, қолган акциялар сони банкнинг асосий акциядори бўлган Кахрамонжон Олимовга сотилади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 октябрь ҳолатида банк устав капитали 255 млрд. сўмни ташкил қилади. Банк акциялари Кахрамонжон Олимов (78,5%), "Капитал Суғурта" АЖ (19,6%) ва Давронбек Туракулов (1,9%) ларга тегишли.


×