Сентябрь ойида муомаладаги банк карталари сони 620 минг донага кўпайди

Сентябрь ойида муомаладаги банк карталари сони 620 минг донага кўпайди

Ўзбекистон Марказий банки муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2022 йил январь-сентябрь ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида маълумотларни тақдим этди.

Сентябрь ойи давомида пластик карталар 620,5 минг донага кўпайиб, уларнинг жами сони 31,8 миллион донадан ошди. Бу ойда эмиссия қилинган карталар сони бўйича энг кўп ўсиш ANORBANK (85,2 минг дона), Халқ банки (61,3 минг дона), Ўзсаноатқурилишбанк (57,1 минг дона), Агробанк (57,0 минг дона) ҳамда Ўзмиллийбанк (52,1 минг дона) да кузатилган.

Шу билан бирга, Микрокредитбанк (-4 717 дона) томонидан чиқарилган карталар сонида камайиш кузатилган бўлса, сентябрь ойида лицензияси бекор қилинган Туркистонбанкдаги карталар сонида ўзгариш кузатилмаган. Шунингдек, Bank Apelsin ҳам карта эмиссия қилишни йўлга қўймаган.

Терминаллар сонида эса камайиш қайд этилган — 362 дона. Ой давомида Hamkorbank (360 та), Ўзсаноатқурилишбанк (167 та), Ўзмиллийбанк (163 та), Асакабанк (125 та) ларда энг кўп терминал кўпайиши қайд этилган. Терминаллар сонидаги сезиларли камайиш Ориент Финанс банк (-773 та), Туронбанк (-252 та), Халқ банки (-175 та) ҳиссаларига тўғри келган. Умуман олганда, жами 15 та тижорат банки томонидан ўрнатилган тўлов терминаллари сонида камайиш кузатилган бўлса, 4 тасида бу кўрсаткич ўзгаришсиз қолган.

Ўзбекистонда 2022 йил сентябрь ойида банкоматлар ва инфокиосклар сонида 379 та ўсиш қайд этилди. Бу рақам асосан Капиталбанк (176 дона), Халқ банки (109 дона) ҳамда тўлов ташкилотлари (жами 79 дона) лар ҳисобига шаклланган. Шунингдек, 5 та банк — Hamkorbank, Ориент Финанс банк, Қишлоқ қурилиш банк, Асакабанк, Ўзсаноатқурилишбанкларнинг ўрнатган банкомат ва инфокиосклар сонида камайиш бўлган бўлса, 17 банк томонидан ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сонида ўзгариш кузатилмаган.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида терминаллар орқали тушган тушумлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда ўрнатилган терминаллар орқали бир ой давомида ўртача 31 млн. сўм атрофида тушум тушган.

Банклар кесимида муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2022 йил январь-сентябрь ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида барча маълумотларни қуйидаги жадвал орқали кўриш мумкин.

×