Ўзбекистон банкларининг 9 ой якунлари бўйича жами соф фойдаси 7,1 трлн. сўмни ташкил қилди

Ўзбекистон банкларининг 9 ой якунлари бўйича жами соф фойдаси 7,1 трлн. сўмни ташкил қилди

Оператив маълумотларга кўра, Ўзбекистон банклари 2022 йил 9 ойини жами 7 трлн. 122,5 млрд. сўм баланс соф фойдаси билан якунлаган. Бунда 5 та банк - Равнақ-банк, Ўзагроэкспортбанк, TBC Bank ҳамда ҳозирда лицензияси олиб қўйилган Hi-Tech Bank ва Туркистон банклар 9 ойликни жами -173,6 млрд. сўм зарар билан якунлаганлар.

Соф фойда миқдори бўйича биринчи ўринни эгаллаган Ўзмиллийбанк баланс соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 баробарга ошган ва 1,5 трлн. сўмни ташкил қилган. Соф фойда миқдори бўйича биринчи марта етакчи бешликнинг 3 тасини давлат назоратида бўлмаган банклар ташкил қилди. Хусусан, 800,8 млрд. сўм соф фойда олган Капиталбанк 2-ўринни эгаллаган бўлса, Ипотека банк (748,9 млрд. сўм)дан кейинги ўринда Hamkorbank (531,7 млрд. сўм) ва Трастбанк (498,1 млрд. сўм)лар қайд этилган.

Ундан кейинги ўринларни Ўзсаноатқурилишбанк (481,6 млрд. сўм), Ипак Йўли банки (402,2 млрд. сўм), Қишлоқ қурилиш банк (378,5 млрд. сўм), Халқ банки (327,2 млрд. сўм) ҳамда Ориент Финанс банк (310,0 млрд. сўм) эгаллаган.

Айрим банклар соф фойда миқдорини кескин оширишга эришганлар. Хусусан, бу ҳолат "водий банклари"да кузатилган - 130 млрд. соф фойда олган Универсалбанк ва 24,6 млрд. соф фойда олган Мадад Инвест банклар ўтган йилги кўрсаткичга қараганда 26 баробар ўсишга эришганлар. Шунингдек, 20 баробарлик кўрсаткич қайд этган ANORBANK'ни алоҳида қайд этиш мумкин.

Бундан ташқари, заҳиралар ҳисобига ёмонлашган молиявий аҳволини бир мунча яхшилаган Халқ банкини, эгаси ўзгарган Азия Альянс банкини ва бошқа айрим банклар соф фойда миқдорида сезиларли ўзгаришга эришган.

Фото: Bankers.uz

Изоҳ: Ушбу маълумотлар оператив ҳисобланиб, расмий тасдиқланмаган. Рақамлар у ёки бу банкнинг реал молиявий ҳолатини акс эттирмаслиги мумкин.

×