Фото: ANORBANK
"ANOR BANK" акциядорлик жамияти баъзи оммавий ахборот воситалари томонидан банкка қарши режалаштирилган ахборот хужуми уюштирилиши муносабати билан қонуний чоралар кўрилиши ҳақида тегишли органларга мурожаат қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда тўлиқ баёнот матни банк расмий веб-сайтида эълон қилинди.
Банк аввал эълон қилинган очиқ хатда таъкидланганидек, ўзига қарши содир этилган хатти-ҳаракатлар тафсилотларини ўрганиб чиқиб, ўзининг ишчанлик обрўсини, шунингдек, акциядорларининг шаъни ва қадр-қимматини ҳуқуқий майдонда барча қонуний чоралар билан ҳимоя қилиш ҳаракатларига киришган, дейилади баёнотда.
Банкнинг маълум қилишича, sof.uz интернет-нашрида чоп этилган қисқа видеоролик кейинчалик бир нечта ижтимоий тармоқ саҳифаларида ҳам жойланган бўлиб, ушбу саҳифа эгалари ўз материалларида банкнинг ишбилармонлик обрўсига путур етказувчи, уни жиноятда айблаб, маҳаллийчиликни қўзғатувчи, шунингдек, Андижон аҳолисини камситувчи матнлар билан эълон қилган. Қайд этилишича, мазкур телеграм-каналлар ушбу постларни бирин-кетин бир матнда, айнан бир вақт оралиғида, яъни 14 октябрь соат 17:00 дан кейин тарқата бошлаган.
Бундан келиб чиқадики, ўзаро боғлиқ бўлган бир қанча оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва телеграм каналлари томонидан банкнинг ишчанлик обрўсига путур етказиш ва истеъмолчилар ўртасида банк тўғрисида нотўғри тасаввур ҳосил қилиш мақсадида пухта ўйланган режа асосида қасддан бузиб кўрсатилган, асоссиз ва қалбакилаштирилган маълумотлар тарқатилган. - Банк баёнотидан
ANORBANK шунингдек ўз баёнотида оммавий ахборот воситаси сифатида sof.uz интернет-нашрини амалдаги қонунчиликни бир неча марта бузганликда айблаган. Хусусан, кўрсатув нохолис ва бир ёқлама олиб борилган журналистик текширувига асосланганлиги, кўрсатувда сўзга чиққан мижозлар томонидан банк номига билдирилган айбловлар бўйича журналист банкдан расмий тушунтириш олмаганлиги, валюта операцияларини тартибга солувчи ҳамда жиноий даромаддан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни ва оммавий қирғин қуролларини молиялаштиришга қарши кураш тўғрисидаги халқаро шартномалар ва миллий қонунчилик талаблари инобатга олинмаганлиги, мухбир ва бошловчилар томонидан суҳбатдошларга йўналтирувчи саволлар берилганлиги, мамлакатнинг бир вилоят аҳолисини бошқа вилоят аҳолисига нисбатан адоватини қўзғатиш оҳанги мавжуд фикрлари билдирилганлиги шулар жумласидандир. Кўрсатув бевосита конструктив диалог шаклида эмас, балки банкнинг ишчанлик обрўсини бадном қилишга қаратилган, демоқда банк.
Агар sof.uz томонидан холис журналист текшируви олиб борилиб, банкдан ушбу ҳолат ҳақида тушунтириш олинганда, ушбу мижозлар баён этган ҳолатларда банкнинг айби мавжуд эмаслигини, аксинча мижозлар томонидан юқори хатарли шубҳали операциялар амалга оширилганлигига гувоҳ бўлиш мумкин эди. - Банк баёнотидан
Банк амалдаги тартибларга тўлиқ риоя этганини билдириб, журналист ўз материалида бу нарсадан бехабар, "кўр-кўрона" материал тайёрлаганини кўрсатган ва "журналистик текшируви дилетантлик билан бир ёқлама, нохолис ва банк соҳасидаги мутахассис ва экспертларидан тегишли изоҳ ва хулосалар олмасдан ўтказилган"лигини таъкидлаган.
Баёнот якунида “ANORBANK” ўзининг, шунингдек ўз акциядорлари ҳамда ходимларининг ишбилармонлик обрўсига ва жамоатчилик фикрига ўта эҳтиёткорона муносабатда бўлиб келишини айтиб, айрим оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларнинг ҳатти-ҳаракатлари тафсилотларини ўрганиб чиқиб, банк Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига мазкур инстанциянинг хулосасини олиш учун мурожаат йўллаганини маълум қилган.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистон банк сектори учун асосий таҳдид нима?
Марказий банк тўртта банкнинг актив ва пассив операцияларини чеклади
Микрокредитбанк банкоматлари профилактика муносабати билан вақтинча ишламайди