ANORBANK очиқ хат билан мурожаат қилди

ANORBANK очиқ хат билан мурожаат қилди

Фото: ANORBANK

"ANOR BANK" АЖ айрим медиа хизматлари томонидан ANORBANK билан ҳамкорлик шартномасини туза олмаганликларидан сўнг, банкка ахборот хуружини уюштиришга ҳаракат қилаётганликларини маълум қилди ва мазкур вазият бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига, шунингдек ахборот каналлари, мижозлар ва банк ҳамжамиятига очиқ хат билан мурожаат қилди.

Хатда ANORBANK айрим ижтимоий тармоқ фаоллари моддий манфаатдорлик йўлида банкнинг ишбилармонлик обрўсига путур етказувчи ва шахсий ҳаётга аралашувга йўл қўювчи хабарлар тарқатаётганига эътибор қаратилиши лозимлигини таъкидлаган.

Банк томонидан Ўзбекистонда амалда бўлган ахборот эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларнинг тегишли талаблари ҳамда ушбу талабларни бузганлик учун жавобгарлик эслатиб ўтилган ҳолда, барча ижтимоий тармоқ фаоллари ва нашрлардан ANORBANK ҳақидаги маълумотларни эълон қилишдан олдин ушбу маълумотлар ҳаққонийлигини текширишни сўраган.

"Агар улар эълон қилинган бўлса, ишончсиз ахборот сифатида уларни каналингиз ва нашрингиздан олиб ташланг. Банк хизматларига оид барча маълумотлар бизнинг расмий сайтимизда мавжуд. Шунингдек, 1290 қисқа рақамида туну-кун хизмат кўрсатувчи қўнғироқлар маркази мавжуд. Бош ҳамда сотув офисларимизда хизмат кўрсатилганда ходимларимиз барча саволларга жавоб беришга тайёр."- дейилган хатда.

Шунингдек, банк мижозларга доимо танлов учун имконият беришини алоҳида қайд этган.

ANORBANK уюштирилган ахборот ҳужумининг буюртмачисига мурожаат қилиб, доимо очиқ ва ҳалол рақобат тарафдори эканлигини маълум қилган. Шу билан бирга, банк реклама каналларини ўз хоҳишига кўра, маҳсулотнинг мақсадли аудиториясига мос равишда танлашини эслатиб ўтган. 

"Банк, ўз ишбилармонлик имиджинини ҳимоя қилиш, шунингдек, нолойиқ журналистика этикаси ва Андижон вилояти аҳолисига нисбатан йўл қўйилган нолойиқ чиқишлар юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини, шунингдек ишбилармонлик обрўсига зиён етказадиган ёлғон ва ишончсиз маълумотларни тарқатганлик учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ваколатли органга, шунингдек етказилган маънавий зарарни ундириш тўғрисида суд органларига мурожаат қилади."

Банк очиқ хатнинг якуний қисмида блогосферада медиа хуружга учраган банк сифатида, муайян медиа ресурслари ҳаракатларининг қонунийлиги юзасидан тушунтириш олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига мурожаат қилган. Ва АОКАдан айрим оммавий ахборот воситаларининг ҳатти-ҳаракатлари устидан юқори инстанцияларга шикоят қилиш тартиби юзасидан тушунтириш олишда ёрдам сўраган.

×