ANOR BANK микроқарз бўйича ижтимоий тармоқда тарқалган хабарга муносабат билдирди

ANOR BANK микроқарз бўйича ижтимоий тармоқда тарқалган хабарга муносабат билдирди

Фото: ANORBANK

"ANOR BANK" АЖ айрим интернет-нашрларнинг саҳифаларида, шунингдек ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар бўйича расмий муносабат берди.

Муносабат матнида банк ўз фаолиятини республикамиздаги бошқа банклар сингари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган пруденциал нормативларга риоя қилган ҳолда амалга ошириши айтилган. Шунингдек, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 38-моддаси учинчи қисмига асосан банклар активлар бўйича йўқотишларга оид таваккалчиликни камайтириш мақсадида ўзининг капиталини ва ликвид ресурсларини етарли даражада сақлаб туриши, активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни активларни таснифлаш асосида шакллантириши, шунингдек ўз активларининг диверсификация қилинишини таъминлаши кераклиги таъкидланган.

Шундан келиб чиқиб, банк томонидан аҳолининг турли қатламларининг эҳтиёжлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, банк томонидан мижозларга кредитларнинг миқдори, фоиз ставкаси, таъминоти, қайтариш муддати каби жиҳатларни эътиборга олган ҳолда турли хил кредит хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган.

Хусусан, ҳозирги кунда банк томонидан "Стимул Лайт" рағбатлантирувчи аксияси жорий қилинган бўлиб, ушбу аксия доирасида микроқарз шартномасининг базавий шартларидан фарқли шартлар асосида мижоз томонидан танланган хизматлар пакетидан келиб чиқиб кредитлаш шартлари қўлланилади, - дейилган муносабатда.

Банкнинг билдиришича, "Стимул Лайт" рағбатлантирувчи акцияси жами 12 хил хизматлар пакетини ўзида жамлаган бўлиб, ушбу пакетлар микроқарз миқдори, фоиз ставкаси, фоиз ҳисоблаш учун имтиёзли муддат, рағбатлантирувчи фоиз ставкаси каби фарқли шартларга асосланган ҳолда мижозга қарздорликни белгиланган муддат давомида кечиктирмасдан сўндирганлик учун фоиз ставкасини тушириш каби имтиёз бериш, микроқарз шартномаси шартларига ўзгартириш киритишда воситачилик ҳақидан озод қилиш, кредит тарихини яхшилаш ва молиявий саводхонликни ошириш борасида консалтинг хизматларини кўрсатишни ўз ичига олади. 

Хизматлар пакети турини танлаш мижоз томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилади ва микроқарз беришнинг шарти ҳисобланмайди. Мижоз ўзига маъқул келган пакетни танлаб, пакетдаги хизматлар ва имтиёзлардан фойдалана олади. Ҳар бир хизматлар пакети учун ойлик тўлов белгиланган.

Банкнинг сайти ва мобил иловасида хизматлар пакетини танлаш ва танишиб чиқиш имконини берувчи техник имконият яратилган. Шунингдек, банк томонидан микроқарзлар ажратишда мижозларга ушбу акция доирасида хизматлар пакетини ихтиёрий равишда танлаш имконияти яратилган, ўз навбатида мижозда кредитни базавий шартлар асосида ёки аксия доирасида хизматлар пакетидан фойдаланган ҳолда олиш имконияти мавжуд. 

Шунингдек, мижозларга акция қоидалари билан танишмасдан туриб хизматлар пакетини фаоллаштириш олди олинган бўлиб, мижоз ушбу қоиданинг иловасига мувофиқ ариза ва/ёки смс орқали ҳамда кредит шартномасининг қоидалари билан танишганлиги ҳақида ўз розилигини билдириб акцептлашни амалга оширади.

Банк ўз муносабатида "Дақиқаларда" микроқарзини олиш учун қўшимча ҳақ эвазига "ТРИА" картасини очишга мажбурланишини рад қилган.

Ушбу микроқарзни олиш учун мижоз томонидан фақатгина банкнинг мобил иловаси орқали бепул "ТРИА" виртуал картасини очишни ўзи кифоя қилиши, микроқарзни олиш учун мижозга банкнинг пуллик "ТРИА" пластик картасини очиш талаб этилмаслиги айтилган.

Бундан ташқари, "Дақиқаларда" микроқарзини беришда ва унинг реклама-ахборотларида қўшимча пакет тўлови мавжудлиги ҳақида батафсил маълумот берилмаганлиги қайд этилганлиги ҳолати бўйича ҳам батафсил маълумот берилган. Таъкидланишича, пакет тўлови бевосита мижоз томонидан танланган хизматлар пакети турига боғлиқ бўлиб, мижозда сайт ёки мобил илова орқали "Стимул Лайт" рағбатлантирувчи акцияси қоидаларида 12 хил турдаги пакетлар учун ойлик тўлов миқдорлари аниқ қилиб кўрсатилган.

Пакет тўлови ҳақидаги маълумот мижоз томонидан микроқарз миқдори ва муддати белгилангандан сўнг дастурий равишда шакллантириладиган микроқарзни қайтариш графигида ҳам алоҳида ойлик тўлов сифатида аниқ кўрсатилади. График микроқарз ажратилгунга қадар мижоз ихтиёрига тақдим этилади, яъни мижозга микроқарзнинг тўлиқ қиймати ва хизматлар пакети учун ойлик тўловлар миқдори ҳақида белгиланган тартибда батафсил ахборот берилади. 

Банк ўз рекламаларида ноаниқ, бўрттириб юборилган ёки яшириб кетилган ҳамда истеъмолчиларни чалғитадиган ёки чалғитиш мумкин бўлган сўз ва жумлалардан фойдаланилмаганини, бунда меъёрий ҳужжатларга тўлиқ риоя этилганини айтган.

Юқорида қайд этилганлардан кўринмоқдаки, банк томонидан реклама беришда қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этилган бўлиб, мижозларга микроқарз ажратишда банкнинг қўшимча хизматларидан фойдаланиш шартлари тиқиштирилмаган, микроқарз ҳақидаги реклама-ахборотларида мижозларнинг ишончини суиистеъмол қилиш, уларнинг тажрибаси ва билими етмаслигидан фойдаланиш кўзда тутилмаган, шунингдек, банк томонидан сайт ва мобил иловада воситачилик ҳақлари, тарифлар ва кредит олиш ҳамда унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларнинг батафсил рўйхати ва миқдорлари аниқ кўрсатилган.


ANOR BANK асоссиз ва нотўғри маълумотлар тарқатиш оқибатида банк имижига етказилган зарар учун суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда мурожаат қилиниши ҳақида огоҳлантирган.

×