Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳрида 409 млн. сўм, Самарқанд вилоятида эса қарийб 2 млрд. сўм кредит маблағлари ўзлаштирилганини аниқлади.
Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими хабарига кўра, АТ “Халқ банки” Самарқанд вилоят Амалиёт бўлими масъул шахслари кредит ва унга тенглаштирилган операциялар бўйича таъминотни танлаш ва қабул қилиш тўғрисидаги талабларга амал қилмаганликлари оқибатида “J.Ch.” МЧЖга савдо ва айланма маблағларини тўлдириш учун ажратилган 1,8 млрд. сўм кредит маблағлари мақсадсиз сарфланиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.
Шунингдек, Департаментнинг Пайариқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “P.I.” МЧЖ иш бошқарувчиси М.Э. ҳудудий тижорат банки филиалидан имтиёзли шартлар асосида 6 нафар фуқарога ажратилган 166,7 млн. сўм кредит маблағи эвазига наслли чорва молини етказиб бермасдан, кредит маблағларини ўзлаштирганлиги аниқланган.
Худди шундай, Департаментнинг Сергели туман бўлими томонидан “InFinBank” АТБ Сергели филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Х.П. ва бошқалар, ўзаро тил бириктириб, ушбу банк филиалидан ажратилган 408,8 млн. сўм кредит ҳисобидан харид қилинган 5 дона “NEXIA-3” русумли автомашинани сохта ҳужжатлар орқали гаровга қўйилишини таъминламасдан бошқа шахсларга сотиб юбориб, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланклар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Тасодифий хабарлар
Бизнесни ривожлантириш банки тадбиркорлар учун бепул онлайн ўқув курсини тақдим этмоқда
Халқаро молия корпорацияси Ўзсаноатқурилишбанкка 75 млн. АҚШ доллари ажратмоқда
OTP Bank Ипотека банкни расман сотиб олди